
Жамият
Шавкат Мирзиёев бугун, 18 август куни Тошкент шаҳрида қуриб битказилган Олимпия шаҳарчасига ташриф буюрди.
Маълумот учун, шаҳарчанинг қурилишига 2022 йил 9 ноябрда тамал тоши қўйилган эди.
Ҳозирда Олимпия шаҳарчасида 5 та асосий спорт мажмуаси жойлашган.
Улардан бири кўп функцияли велодром бўлиб, бу ерда стол тенниси, қиличбозлик бўйича мусобақа ва машғулотлар ўтказиш ҳам мумкин. Бундай даражадаги велодром Ўзбекистонда биринчиси ҳисобланади.
Ташриф давомида мутасаддиларга ҳудудларда шароит яратиб, велоспортни ривожлантириш бўйича дастур тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Давлат раҳбари, шунингдек, стол тенниси ҳаммабоп, арзон ва қулай спорт эканини таъкидлаб, ҳар бир мактаб ва маҳаллада уни оммалаштириш, анжомларини ишлаб чиқариш юзасидан кўрсатмалар берди.
Олимпия шаҳарчаси марказида 12 минг ўринли стадион ҳам жойлашган.
Халқаро турнирлар пайтида бу ерда тантанали маросимлар ташкил этилади. Асосийси, яшил майдон ва 9 қаторли югуриш йўлагида енгил атлетиканинг 48 та йўналиши бўйича мусобақалар ўтказилади. Жумладан, жаҳон чемпионати, Бриллиант лигаси, параатлетика баҳслари, кўзи ожизлар ўртасида IBSA ўйинларини ташкил этиш мумкин. Бошқа пайтларда стадиондан маҳаллий ўқув-йиғинлар, амалий машғулотлар орқали дуал таълимда фойдаланилади.
Стадиондаги тўрт қаватли бинода терма жамоалар мутахассислари ва спорт федерациялари фаолият юритади.
Юртимизда атлетика ва пара спорт турларига қаратилган имкониятлар тўла ишга солинмаётганига ҳам тўхталиб ўтилди.
Шу боис енгил атлетиканинг барча йўналишларини ривожлантириш бўйича топшириқ берилди. Унга кўра, вилоятлардаги стадионлар реконструкция қилиниб, енгил атлетика учун шароитлар яхшиланади, хориждан мураббийлар олиб келинади, спортчилар маҳоратини ошириш мақсад қилиб қўйилади.
Улкан сув спорти саройи ҳам замонавий ва қулай. Унда 25х50 метрли сузиш ва 25х20 метрли сувга сакраш ҳавзалари, машғулотлар учун бассейн ва тренажёр заллари бор. Барча шароитлар ва ўлчамлар халқаро олимпия стандарти талабларига жавоб беради.
Президент сув спорт турларини ривожлантириш, халқаро турнирларда натижаларни яхшилаш бўйича ўз фикрларини ҳам билдириб ўтди.
Бундан ташқари, жамоавий ва яккакураш спорт турлари мажмуалари ҳам халқаро талаблар даражасида бунёд этилган.
Шавкат Мирзиёев шу ерда спортчилар билан суҳбатлашди.
“Халқаро мусобақаларда байроғимизни баланд кўтариб, мамлакатимиз ривожини намоён этяпсизлар. Сизнинг ҳар бир ютуғингиз халқимиз учун катта ғурур, ёшларимизга куч, далда. Бу ҳаракатларни давом эттириб, болаларни ортингиздан эргаштириб, спортимизни янада юксалтиришингизни тилаймиз”, - деди Президент.
Хабарга кўра, Олимпия шаҳарчасида футбол, волейбол, теннис, чим устида хоккей, енгил атлетика кабилар бўйича 15 та очиқ майдон ҳам барпо этилган.
Шу билан бирга, 400 ўринли паралимпия ётоқхонаси, спорт тиббиёти илмий-амалий маркази қурилиши якуний босқичда.
Таъкидланишича, шаҳарчадаги барча иншоотлар энергия тежамкор бўлади. Автотураргоҳлар устида қуёш панеллари ўрнатилади.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ