Ўзбекистонга олиб келинган фаластинликлар учун махсус жамғарма ташкил этилади

Сақлаш
09:59 / 15.08.2025 31 0

Ўзбекистонга олиб келинган фаластинлик фуқароларга доимий ғамхўрлик ва ижтимоий кўмак кўрсатилиши ҳақида Президент фармони эълон қилинди. Уларга давлат ғамхўрлиги, меҳр-шафқат тамойиллари асосида кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармон имзоланди.

 

Ҳужжатга кўра, ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган меҳмонларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган даволаниш муддатидан қатъи назар ногиронликни белгилаш чоралари кўрилади.

 

Икки ҳафта муддатда меҳмонларга зарур иш стажига эга бўлмаган кекса фуқароларга бериладиган нафақа (820 минг сўм миқдорида) тайинланиши таъминланади.

 

Бундан ташқари, ҳар бир меҳнат ёшидаги меҳмон (И ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бундан мустасно) учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари (669 минг сўм) миқдорида яшаш нафақаси жорий этилади.

 

Президент фармони билан меҳмонларга нафақа, ижара харажатлари, бир марталик моддий ёрдам, болалар учун бепул таълим ва қўшимча касб-ҳунар курслари тақдим этилади. Соғлиқни сақлаш, таълим ва бандлик соҳаларида махсус имтиёзлар берилади. Махсус жамғарма ташкил этилиб, у хайрия, грантлар ва бошқа манбалардан молиялаштирилади. Жамғарма маблағлари комиссия қарори билан очиқ ва тартибли сарфланади.

 

Меҳмонларнинг ҳар бир оиласига яшаш манзили бўйича уй-жойнинг ижара харажатлари қоплаб берилади. Уларга фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа (811 965 сўм) ҳамда дафн этиш учун нафақа тўлови (1 712 000 сўм) Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган миқдорда тўланади.

 

Шунингдек, меҳмонларнинг ҳар бир оиласига бирламчи зарурий воситалар (оилада ишлатиладиган ноозиқ-овқат маҳсулотлари тўплами) хариди учун бир марталик кўтарма пул қўшимча равишда тўлаб берилади.

 

Фаластинликларнинг оила аъзоларига шахсий ҳамроҳлик қилиш ва индивидуал кўмак кўрсатиш, шунингдек, уларнинг эҳтиёжлари ва индивидуал талабларини рўёбга чиқариш мақсадида биттадан маҳалладаги ижтимоий ходим бириктирилади.

 

Шу фармон билан Ўзбекистондаги фаластинлик меҳмонларнинг фарзандлари яшаш жойи бўйича давлат боғча ва мактабларига навбатсиз жойлаштирилиб, уларнинг мослашуви юзасидан доимий мониторинг ўрнатилади. Қўшимча таълим харажатлари 100% давлат ҳисобидан қопланади. Улардан 2028 йил 1 январигача боғча пули олинмайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//