Шавкат Мирзиёев Франция элчисини «Дўстлик» ордени билан тақдирлади

Сақлаш
17:10 / 14.08.2025 72 0

 

Шавкат Мирзиёев 14 август куни Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётган Франция элчиси Орелия Бушезни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

 

Давлат раҳбари Франция элчисининг самарали фаолияти ҳамда мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.

 

Олий даражадаги ўзаро ташрифлар Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, унинг кун тартибини аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани таъкидланди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш 4 баробар кўпайди, Франциянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда.

 

 

Таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида муҳим дастурлар амалга оширилмоқда. Лувр музейи ва Араб дунёси институтида кўргазмалар катта муваффақият билан ўтди.

 

Париж шаҳри яқинида Беруний ҳайкали очилди. Франция пойтахтидаги кўчага Самарқанд номи берилди. Жорий йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция университети ўз ишини бошлайди.

 

Учрашув якунида Ўзбекистон президенти Франция фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушезга мамлакатлар ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун «Дўстлик» орденини топширди.

 

Элчи унинг дипломатик миссияси юксак баҳолангани ҳамда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун президентга самимий миннатдорлик билдирди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//