Тошкентда тунги автобуслар тизими йўлга қўйилиши мумкин

Сақлаш
15:12 / 14.08.2025 34 0

 

Тошкент шаҳрида тунги соат 22:00 дан эрталаб 06:00 гача ҳаракатланадиган автобуслар йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақда 12 август куни халқ депутатлари шаҳар кенгашининг йиғилишида Тошкент шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Аллаёр Норбўтаев маълум қилди.

 

Норбўтаевнинг қайд этишича, бу президентнинг (2022 йилда қабул қилинган) 232-сонли қарорида кўзда тутилган.

 

Таклифга кўра, автобуслар аэропортлар, темирйўл вокзаллари, метро бекатлари, тундаги туризм кўчалари, савдо ва кўнгилочар марказлар, йирик деҳқон бозорлари, талабалар ётоқхонаси ва шифохоналар орқали ҳаракатланади. Умумий ҳисобда 15 та йўналиш икки босқичда, оралиқ интервали дастлаб ярим соатни ташкил этган ҳолда ташкил этилади.

 

Норбўтаев чипта нархи кундузги билан бир хил бўлишини айтди. Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Туризм комиссияси томонидан нархни қимматроқ қилиш бўйича таклифлар бўлган.

 

«Транспорт бошқармаси томонидан буни бир хил қилиш тарафдоримиз, чунки кечқурун фақат пули бор одам юрмайди. Пули йўқ одамлар ҳам, масалан, шифохонага бориши керак бўлиб қолади ёки оиласи билан кечки сайрга чиқишади. Ўша пайтларда ўзининг автомобилидан воз кечган ҳолда кечқурун 22:00 дан, яъни ўша пайтда метро ҳали ҳаракатда бўлади, эрталабки олтигача қатнаши мумкин», – деди Норбўтаев.

 

Унинг таъкидлашича Тошкент шаҳри ҳокимиятидан автобусларни алоҳида қизил рангга бўяш таклифи бўлган. Автобус йўналишлари рақамлари ҳам Т1, Т2, яъни «тунги автобус» сифатида белгиланади.

 

«15 та йўналишда 54 та автобус ҳаракатланади. Ўша йўналишдаги тушумни ҳисобламасак, ўртача 33 миллиард сўм маҳаллий буджетга юклама тушади», — деди Аллаёр Норбўтаев.

 

Тунги автобусларни ташкил этиш таклифи президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан тунги иқтисодиётни ривожлантириш концепцияси лойиҳасида ҳам акс этганди. Лойиҳада тунги вақтда ишлайдиган хизматлар, маданий тадбирлар ва жамоат транспорти ҳақида маълумот берувчи мобил иловаларни ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//