Қозоғистонда Starlink сунъий йўлдош интернети ишлай бошлади

Сақлаш
09:54 / 14.08.2025 89 0

 

Starlink  13 август куни Қозоғистонда сунъий йўлдош интернет хизматларини расман ишга туширди.

 

«Бу мамлакат аҳолисига SpaceX’нинг паст орбитали сунъий йўлдош тармоғи орқали юқори тезликдаги ва барқарор интернетга уланиш имконини беради», дея хабар берди Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги. SpaceX бош директори Илон Маск ҳам Starlink Қозоғистонда фаолият бошлаганини тасдиқлади.

 

«Биз бир йил давомида Starlink ва давлат идоралари ҳамда назорат қилувчи органларнинг позицияларини бир-бирига яқинлаштириш бўйича музокаралар олиб бордик. Бугун Starlink Қозоғистонни ўзининг расмий мавжудлик харитасига қўшди», деб ёзди Рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбари Жаслан Мадиев Х тармоғида.

 

Июнь ойида Рақамли ривожланиш вазирлиги хизмат кўрсатишда Қозоғистон қонунчилигига риоя қилиш бўйича Starlink билан шартнома имзолаганди.

 

Компания сайтидаги нархларга кўра, Starlink фойдаланувчи терминали 104 минг тенгедан (тахминан 193 доллар) 201 минг тенгегача (тахминан 373 доллар) туради. Чексиз уй тарифларининг нархи ойига 23 минг тенгедан (тахминан 42 доллар) 31 минг тенгегачани (тахминан 57 доллар) ташкил қилади.

 

Starlink расмий маълумотларига кўра, сунъий йўлдош интернети Қирғизистонда 2025 йил охиригача, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда эса 2026 йилда ишга туширилиши кутилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//