Тошкентда иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув тарифларини ошириш режа қилинмоқда

Сақлаш
11:24 / 13.08.2025 42 0

Тошкентда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти учун тарифларни яна ошириш режалаштирилмоқда. Хабар қилинишича, бу ҳақда халқ депутатлари шаҳар кенгашининг 12-август куни бўлиб ўтган йиғилишида Veolia Energy Tashkent бош директори Севара Пардаева маълум қилди

 

Унинг сўзларига кўра, пойтахт аҳолиси базавий тарифнинг атиги 18 фоизини тўлайди, қолгани эса шаҳар бюджетидан субсидиялар шаклида қопланади. Ҳукумат 2030 йилгача иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти хизматлари учун субсидияларни босқичма-босқич бекор қилишни режалаштирмоқда. Буни амалга оширишни Молия вазирлиги билан ишлаб чиқиш кўзда тутилган. 

 

Veolia Energy Tashkent келгуси 5 йил ичида тарифларни 100 фоиз истеъмолчилар тўлашига эришишни мақсад қилган.

 

“2019 йилда (Веолиа билан) давлат-хусусий шериклик дастури тузилганда, ҳар йили камида 30 фоиз ошириш назарда тутилган. Лекин амалда 2022 йилдан эътиборан бошлаганмиз. Ва шунда биринчи марта 2024 йилда 30 фоизга оширишга эришишимиз керак эди. Олдинги йили икки марта 15 фоиздан аҳолига тариф оширилган”, дея эслатган компания раҳбари.

 

Унинг аниқлик киритишича, 2025-йилда газ ва электр энергияси тарифлари 1-апрелдан эмас, 1-майдан, иситиш манбалари учун эса 15-июндан оширилган.

 

“Бошқа йўлимиз йўқ, уни кўтармасак бўлмайди. Чунки кейинги йилларда қийналиб қолинади, яъни 30 фоиздан эмас, 40−50 фоиздан оширишга тўғри келиб қолади”, деб таъкидлаган Севара Пардаева.

 

Маълум қилинишича, 2025-йил 1-октябрдан аҳоли учун иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун тарифларни 15 фоизга ошириш таклиф қилинмоқда. Айни пайтда кўп қаватли турар жойларда яшовчи аҳоли учун чакана савдо тарифи 121 617 сўм/Гкални (ҚҚСсиз) ташкил қилади. Таклифлар маъқулланса, нарх 139 минг сўмгача ошади.

 

“Шу билан бирга, бизда мана 10 фоиз бўлса ҳам, давлат ва бошқа юридик корхона-истеъмолчиларимиз бор. Биз таҳлил ўтказдик: бутун республика бўйича шундай ҳолат мавжуд бўлдики, Тошкентдаги тадбиркорлар бутун республикадаги тадбиркорлардан энг паст тарифни тўлаётганини аниқладик”, деди у.

 

Унинг сўзларига кўра, давлат корхоналари орасида тижорат тузилмалари ҳам мавжуд. “Улар, мисол учун, нархни оширадиган бўлса, давлат ҳозиргидек тўлаб бермайди. Бу дегани, улар ҳам ўз нархини оширади ва барибир бу юк истеъмолчига боради”, дея қўшимча қилди Пардаева.

 

Ўтган йили компания юридик шахслар учун тарифларни 50 фоизга оширишни таклиф қилган, бироқ бу таклиф қабул қилинмаган ва 15 фоиз ошириш билан чекланган.

 

“Шунинг асосида йил давомида 75 миллиард [сўм]га яқин йўқотиш бўлди, яъни зарар кўрдик. Энди уни бошқа масалаларни, бошқа харажатларни тартибга солиб амалга оширишга ҳаракат қилдик. Лекин ўша тартибда, яъни йилдан-йилга бунақа амалиётни оширадиган бўлсак, бу нотўғри натижага олиб келади, деб ўйлайман. Бу йили яна 50 фоиз ошириш масаласи билан таклиф киритдик, лекин ўшанда маслаҳатлашиб, юридик шахслар учун 40 фоизга, давлат корхоналари учун 19 фоизга ошириш масаласи таклиф қилинди”, деди Veolia Energy Tashkent раҳбари.

 

Янги тарифлар тасдиқланса, юридик шахслар учун нарх 342,3 минг сўмгача, бюджет ташкилотлари учун эса 954,3 минг сўмгача ошади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//