Қозоғистон президенти таэквондо бўйича қора белбоғ олди

Сақлаш
18:09 / 12.08.2025 8 0

Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунгвон Чоу Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевга қора белбоғ топширди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар берди.

 

Қайд этилишича, бугун Қозоғистон президенти Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президентини қабул қилган. Тоқаевга кўра, Чунгвон Чоу ташрифи Қозоғистоннинг спорт жамияти учун муҳим воқелик саналиб, Бутунжаҳон таэквондо федерацияси мамлакатда ушбу спорт ривожи учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдиради. 

 

Қозоғстон президенти шунингдек, таэквондо шунчаки олимпия спорт тури эмас, балки уйғунлик тамойилларига асосланган фалсафа, интизом ва бутун дунё одамларини бирлаштирадиган ўзаро ҳурмат эканини таъкидлаган.

 

Унинг сўзларига кўра, халқаро G1 категориясидаги Kazakhstan Open 2025 рейтинг турнирининг Остонада ўтказилиши Миллий федерациянинг рақобатбардошлигини оширишга, шунингдек, тажриба алмашиниш орқали маҳаллий спортчиларнинг профессионал ўсишига хизмат қилади.

 

Қозоғистон президенти учрашувда шунингдек, Чунгвон Чоуни дунё бўйлаб таэквондо ривожига қўшган ҳиссаси учун II даражали "Достык" ордени билан мукофотлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//