“Тарихнинг номаълум саҳифалари” китобининг 12-жилди тақдимоти ўтказилди

Сақлаш
15:45 / 12.08.2025 8 0

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи томонидан нашр этилган “Тарихнинг номаълум саҳифалари” китобининг 12-жилди тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Нашр бир қанча бўлимларни ўзида жамлаган яхлит илмий асар бўлиб, унда Ўзбекистоннинг ХІХ-ХХ аср сиёсий тарихи ҳақидаги илмий мақолалар, қатағон қурбонлари, ҳамда замондошларининг қимматли хотиралари, илгари тадқиқотчилар учун ёпиқ бўлган архив фондлари ҳужжатлари билан танишиш мумкин. Шунингдек, бир қанча қатағон қурбонларининг ҳаёти, фаолияти ҳамда фожиали тақдирига оид маълумотлар илк бор илмий муомалага киритилган ва кенг жамоатчиликка тақдим қилинган.

 

 

12-китобдаги илмий мақолалар асосан Туркистондаги жадидчилик ҳаракати тарихи, унинг таниқли намоёндалари, қардош қозоқ миллатига мансуб тараққийпарварларнинг ибратли ҳаёти ва фожеали тақдирига оид янги маълумотлар асосида ёзилган. Тўпламдаги яна бир янгилик – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси архивидан олинган ҳужжатлар асосида тайёрланган “Ўзбекистон давлат раҳбари Акмал Икромовга мактублар” рукнидир. Унда Германияда таҳсил олган Абдуваҳҳоб Муродий, Солиҳ Муҳаммадлардан тортиб, Чўлпон, Ғулом Зафарий, Боту каби кўплаб машҳур инсонларнинг мактублари илк бор нашр юзини кўрмоқда.

 

 

Тақдимотда Ўзбекистон ҳамда қозоғистонлик тарихшунос олимлар, муаллифлар, қатағон қурбонларининг авлодлари, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходимлари, ёш тадқиқотчилар, ҳарбийлар ҳамда талаба ёшлар иштирок этишди. Китоб Ўзбекистон тарихининг мустамлакачилик даври билан шуғулланувчи тарихчи, адабиётшунос, файласуф ва юрист олимлар, шунингдек, олий ўқув юртлари тарих ва филология факультетлари талабаларига мўлжалланган.

 

Маълумот учун, тўплам Конрад Аденауэр номидаги фонднинг (Германия) Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Akademnashr” нашриётида чоп этилган. “Тарихнинг номаълум саҳифалари” китоби Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди томонидан 2009 йилдан буён ҳар йили чиқарилиб келинмоқда.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//