Ўзбекистоннинг Фижидаги биринчи элчиси этиб Мухсинхўжа Абдураҳмонов тайинланди

Сақлаш
10:33 / 12.08.2025 7 0

Ўзбекистоннинг Фижидаги элчиси (қароргоҳи Токио шаҳрида жойлашган) этиб тайинланган Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ушбу мамлакат Президенти Рату Найкама Тавакеколати Лалабалавуга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.

 

Ўзбекистон ва Фижи ўртасида дипломатик муносабатлар 2010 йил 16 июнь куни ўрнатилган.

 

Маросим аввалида фахрий қоровул саф тортиб, Ўзбекистон давлат мадҳияси янгради ҳамда мамлакатимиз байроғи кўтарилди. Расмий тадбирлардан сўнг бўлиб ўтган суҳбат давомида Ўзбекистон ва Фижи ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва туризм каби йўналишлардаги алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

 

Президент Найкама Лалабалаву икки мамлакат географик жиҳатдан узоқда жойлашган бўлсада, уларни ўзаро ҳурмат, конструктив мулоқот ва умумий қадриятларга асосланган дўстона алоқалар боғлаб туришини таъкидлади.

 

Фижи етакчиси, шунингдек, Ўзбекистон муҳим стратегик минтақада жойлашгани, бой табиий ресурслари ҳамда юқори салоҳиятли инсон капитали мавжудлигини эътироф этиш баробарида, сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти томонидан минтақада тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича олиб борилаётган конструктив ва проактив ташқи сиёсатни юксак баҳолади.

 

Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар тарихида илк маротаба Ўзбекистоннинг Фижидаги элчисининг тайинланиши Фижи томони учун ҳам муҳим тарихий воқеага айлангани қайд этилди. Шу муносабат билан Фижи билан икки ва кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратгани учун Ўзбекистон Президентига алоҳида миннатдорлик билдирилди.

 

Мухсинхўжа Абдураҳмонов 2021 йил 27 сентябрдан буён Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси сифатида ҳам фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//