Соғлиқни сақлаш вазирлиги сохта табибларга алданиб қолмасликка чақирди

Сақлаш
11:28 / 08.08.2025 42 0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги сохта табиблардан огоҳлантирди.

 

Хабарда айтилишича, сўнгги йилларда давлат томонидан халқ табобатини ривожлантириш, соҳани замонавий соғлиқни сақлаш тизимига изчил интеграциялаш, бу йўналишда мутахассислар малакасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Натижада, бугун мамлакатда 150 та тадбиркорлик субъекти тегишли лицензия асосида халқ табобати йўналишида фаолият юритиб келяпти.

 

Бироқ яратиб берилган ушбу имкониятларга қарамай, кейинги пайтларда тегишли ҳуқуққа эга бўлмасдан, рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш билан шуғулланаётган ҳамда бу орқали инсонлар соғлиги ва ҳаётига жиддий хавф туғдираётган сохта табиблар сони кўпайиб боряпти.

 

“Энг ёмони, хасталиклардан тез, осон, асоратсиз, муҳими, табиий усул билан ва уй шароитида халос бўлишни истаган юртдошларимиз “ғайритабиий қобилиятларга эга”лигини иддао қилаётган, турли йўллар орқали одамлар ишончига кириб, ҳеч қандай тасдиқланмаган ҳамда тегишли синовлардан ўтмаган “хизмат”ларни таклиф этаётган бундай кимсаларга алданиб қолмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқлар бу каби шубҳали хизматларни кенг тарғиб қилувчи платформага айланиб бораётгани, уларнинг асосий аудиторияси ҳам, мижозлари ҳам оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқароларимиз бўлаётгани афсусланарлидир”, дейилади хабарда.

 

Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда сохта табиблик билан шуғулланиб, ўзини реклама қилаётган ҳолатлар ва қўлланилаётган муолажа усуллари далилларга асосланган тиббиётнинг даволаш услубларига кирмаслигини билдирди.

 

Қайд этилишича, бундай сохта усуллар белгиланган диагностика ва даволаш миллий клиник протоколлари ҳамда стандартларига мутлақо мувофиқ эмас. Қолаверса, юқоридаги муолажалар билан шуғулланаётган шахсларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фаолият юритишлари учун ҳеч қандай лицензия берилмаган.

 

“Шундай экан, ижтимоий тармоқлардаги сохта табиблардан огоҳ бўлинг! Ўзингиз, оила аъзоларингиз ва яқинларингиз саломатлигини хавф остига қўйманг!” дея огоҳликка чақирди вазирлик.

 

Маълум қилинишича, 2024-йилда лицензиясиз тиббий фаолият юритганлиги учун 38 та юридик шахснинг ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида, 2025-йилнинг 1-июль ҳолатига эса 24 та юридик шахс молиявий жаримага тортилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//