Ўзбекистон ва Индонезия ўзаро ҳаво қатнови бўйича чекловларни бекор қилади

Сақлаш
17:29 / 07.08.2025 67 0

 

Транспорт вазирлиги делегацияси Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ушбу мамлакат расмийлари билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон ва Индонезия авиация ҳукуматлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик ва ҳаво қатновларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

 

Музокараларда икки давлат Транспорт вазирликлари делегациялари, Индонезия Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Ўзбекистон Республикасининг Индонезия Республикасидаги элчиси ҳамда элчихона вакиллари, Индонезиянинг Гаруда Индонециа, Аир Ациа, Батик Аир каби қатор авиакомпания вакиллари иштирок этди.

 

Музокаралар якунига кўра авиация ҳукуматлари ўртасида тегишли ҳужжатлар имзоланди ва қуйидаги келишувларга эришилди:

 

– Ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама битимда авиакомпаниялар сонига қўйилган чекловларни бекор қилиш ва мазкур шартни авиация ҳукуматларининг ваколати асосида кучга киритиш бўйича зудлик билан келишув имзолаш;

 

– Ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама битимга киритилган ўзгаришларни эса ўрнатилган тартибда амалдаги қонунчилик талаблари асосида икки давлат ички келишувлар жараёнларини амалга ошириш ёки дипломатик ноталар алмашинуви орқали қабул қилиш, унга қадар парвозларни икки давлат авиация ҳукуматлари ўртасида имзоланган янги келишув доирасида амалга ошириш;

 

– Ўзбекистон томонидан тайинланган авиакомпаниялар учун битимдаги Жакарта шаҳрига қўшимча равишда аҳоли қатлами зич жойлашган энг йирик туристик ва саноатлашган Денпасар, Сурабая, Медан, Ёгякарта, Мажаленгка, Банда Асех, Танжунг Пандан, Ломбок ва қўшимча исталган иккита шаҳарларни парвоз манзили этиб белгилаш;

 

– Индонезия томонидан тайинланган авиакомпаниялари учун Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларига парвоз қилиш ҳуқуқини бериш;

 

– «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва Индонезия авиация ҳукумати ўртасида 1995 йилда имзоланган «Келишув» шартларига мувофиқ барча турдаги авиақатновлар учун ҳафтасига 3 марта этиб белгиланган частоталарни янги келишув асосида ҳар бир томон авиакомпаниялари учун 28 тага (жами 56 та) ошириш ва уларни ярмини йўловчи, қолган ярмини эса юк ташиш учун белгилаш;

 

– Барча авиакомпаниялар учун авиақатновларни ҳаво кемасининг йўловчи ва юк сиғими бўйича чекловларсиз парвозларни амалга оширишига рухсат бериш;

 

– Юқорида қайд этилган авиакомпания ва авиация ҳукумати ўртасида 1995 йилда имзоланган келишувни бекор қилиш ва барча парвозларни янги келишув шартлари асосида амалга ошириш;

 

– Денпасар йўналишида амалга ошириладиган авиақатновларнинг 50 фоизини Cоде Шаре асосида амалга ошириш;

 

– Юк ташиш авиақатновлари учун ҳар икки томон авиакомпанияларига учинчи, тўртинчи ва бешинчи ҳаво эркинликларини бериш;

 

– Келгусида авиақатновлар ҳажмини ошириш ҳамда қўшимча авиакомпанияларни тайинлаш масалаларини ўзаро хат алмашиш йўли билан ҳал этиш.

 

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Қанот Шарқ авиакомпанияси Тошкент-Денпасар (Бали) йўналишида мавсумий туристик чартер парвозларини амалга ошириб келмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//