
Илм-фан
Иқлим ўзгариши туфайли ҳарорат йил сайин ошиб борар экан, олимлар юқори ҳароратнинг инсон миясига таъсирини жиддий ўрганмоқда.
Буюк Британиядаги невролог Санжай Сисодия бошчилигидаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳаддан ташқари иссиқлик эпилепсия, инсульт, склероз, мигрень, аутизм ва руҳий тушкунлик каби турли неврологик касалликларни кучайтиради.
Масалан, Дравет синдроми билан яшаётган болалар ҳарорат кўтарилиши билан оғир тутқаноқларни бошдан кечирмоқда.
Маълумот учун, Дравет синдроми – бу кам учрайдиган, оғир шаклдаги эпилепсия бўлиб, одатда болаликнинг биринчи йилида (6 ой атрофида) бошланади. Бунда боланинг миясида асаб импульсларини бошқариш бузилади ва бу ҳолат тутқаноқларга сабаб бўлади.
Олимларнинг айтишича, 2003 йилда Европада ва 2022 йилда Британияда мияга бевосита алоқадор касалликлар сабабли вафот этганлар сони сезиларли даражада ошган.
Асосий сабаб — иқлимнинг кескин ўзгариши ва ўта кучли иссиқлик тўлқинларидир, уларга танамиз шунчаки мослашишга улгурмаяпти.
Бундан ташқари, тадқиқот давомида иссиқлик одамларни кўпроқ асабийлаштириши, агрессияга моил қилиши ва депрессияга олиб келиши мумкинлиги аниқланган.
Мия 26° C дан юқори ҳароратларда фавқулодда ҳолатга ўтади: фикрлаш секинлашади, ахборотни қайта ишлаш тезлиги пасаяди, хотира ёмонлашади — ва бу муаммоларнинг фақат бир қисмидир.
Уйқу билан ҳам вазият яхши эмас. Иссиқда ёмон уйқу энди одатий ҳолдир: мия терморегуляцияга дош бера олмайди, шунинг учун тана чуқур уйқу фазасига ўта олмайди. Бу эса стресс ва асабийликни келтириб чиқаради.
Мутахассислар иссиқ об-ҳаво шароитида соғлиқни сақлаш тизими олдида ечилиши керак бўлган янги муаммолар пайдо бўлаётганини таъкидламоқда.
Мутасаддилар кўчада иложи борича сояда юришни, кондиционерни ишлатишни ва танадаги сув балансини назорат қилишни маслаҳат бермоқда.
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ