Тез ёрдам машиналарини онлайн кузатиш имконияти яратилди

Сақлаш
15:19 / 04.08.2025 47 0

Республика тез тиббий ёрдам маркази томонидан илк бор «103» бригадалари ҳаракатини реал вақт режимида онлайн кузатиб бориш йўлга қўйилди.

 

Ушбу тажриба-синов лойиҳасига кўра, эндиликда пойтахт аҳолиси тез тиббий ёрдам бригадаларининг қаерда эканлиги ва қанча вақтда чақирув манзилига етиб боришини онлайн кузатиб туришлари мумкин.

 

Янги лойиҳа «Яндех Uzbekistan» компаниясининг технологик ечими асосида амалга оширилиб, «103» бригадаси ҳаракатлари браузерда электрон харита орқали, яқин келажакда эса «Яндех Go» мобил иловаси ёрдамида кузатиб борилади.

 

Унга кўра, «Тез ёрдам»га мурожаат қилингандан сўнг, бригаданинг ҳаракати реал вақт режимида кўрсатиладиган электрон харитага ҳавола орқали кириш учун тизим мурожаатчига автоматик равишда SМS-хабар юборади.

 

Хабарга кўра, лойиҳанинг кейинги босқичида фойдаланувчилар «Яндех Go» мобил иловасидан бригаданинг жойлашуви ва унинг тахминий келиш вақти тўғрисида пуш-билдиришнома орқали хабардор бўлади. Қолаверса, ушбу маълумотни тўғридан-тўғри илова орқали ҳам олса бўлади.

 

»Ушбу янгилик, энг аввало, тез тиббий ёрдам тизимида шаффофликни таъминлаш ва диспетчерларнинг иш юкламасини камайтиришга хизмат қилади. Ҳозирда бу ечим Тошкент шаҳрида шошилинч чақирувлар учун амал қилади, бироқ кейинчалик лойиҳани кенгайтиришни мақсад қилганмиз», дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуров.

 

Маълумот учун, Республика тез тиббий ёрдам марказига мамлакатимиз бўйлаб ҳар куни ўртача 40 мингга яқин чақириқ келиб тушади. Уларнинг 60 фоизини эса шошилинч мурожаатлар ташкил этади.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//