
Илм-фан
31 июль куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан янги ўқув йилига тайёргарлик ҳамда 1-синф ўқувчиларига бериладиган «Президент совғалари»ни ҳудудларга етказиш жараёнларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Ушбу тадбир Тошкент шаҳри, Учтепа туманидаги 14-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Маълум қилинишича, 2025-2026-ўқув йилида Ўзбекистонда мавжуд 10 170 тадан ортиқ умумтаълим мактабларида 6,7 млн нафар ўқувчи таълим олишни бошлаши кутилмоқда. Шунингдек, янги ўқув йилида республикада 30 дан ортиқ янги мактаблар ўз фаолиятини бошлайди. Янги ўқув йилида 738 минг нафар бола 1-синфга келиши кутилмоқда ҳамда бугунги кунга қадар 590 минг нафар бола мактабга қабул қилинган. Қабул жараёнлари 15 августга қадар давом этади. 1-синфга қабул қилинаётган болажонлар учун 12 турдаги ўқув қуроллари Президент совғаси сифатида тайёрланди.
Айни вақтда ушбу ўқув қуролларини вазирлик ҳузуридаги «Таълим-таъминот ва логистика» хизмати томонидан жойлардаги мактабларга етказиш жараёни бошланган. Хусусан, ушбу юклар 1-10 август кунлари ҳудудларга, 10-20 август кунлари эса мактабларга етказилади. 1-синфга қабул қилинаётган ҳар бир болани «Президент совғаси» билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида вазирликнинг адм.мактаб.уз электрон платформаси орқали мактаблар кесимида болаларнинг рўйхати номманом шакллантирилган (бунда нодавлат мактаблар ва бошқа вазирлик тасарруфидаги мактаб ўқувчилари ҳам инобатга олинган).
Пресс-тур тадбирлари доирасида 2025-2026-ўқув йилидан пойтахтдаги 12 та (ҳар бир туманда 1 тадан) мактабда жорий этилаётган Тошкент тажрибаси лойиҳаси хусусида ҳам батафсил маълумот берилди. Лойиҳа доирасида 5-11-синф ўқувчилари учун фан тўгараклари ва спорт секциялари, 1-11-синф ўқувчилари учун робототехника, компьютер саводхонлиги, ҳунармандчилик йўналишларида ҳамда «Ёш дастурчилар», «Ёш китобхон», «Турон» мактаб театри, «Ёш мусаввир» тўгараклари фаолияти йўлга қўйилади.
Пресс-тур доирасида янги ўқув йилидан бошлаб ташкил қилинаётган 208 та (барча туман (шаҳар)да биттадан) «Жасорат мактаблари» фаолияти хусусида ҳам атрофлича маълумот бериб ўтилди. Айтилганидек, жорий ўқув йилида илк бор 5 408 нафар ўқувчи «Жасорат мактаблари»га қабул қилинади. Июль ойида ўтказилган икки босқичли (тест ва жисмоний тайёргарлик) саралаш имтиҳонларида 18 441 нафар (13 206 нафари ўғил бола, 5 235 нафари қиз) номзод иштирок этган.
14-мактабда 2025-2026-ўқув йилидан бошлаб «Тошкент тажрибаси» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунда танлаб олинган 7-11-синф ўқувчилари дарс жараёнларидан кейин 6 та фандан чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади.
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ