“Ўзбекистон – ягона Ватан!”: Миллий маданий марказлар павильонларининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Сақлаш
17:57 / 30.07.2025 22 0

Бугунги кунда ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув истиқомат қилиб келмоқда. Турли миллатлар ва элатларнинг маданияти, тили, урф-одатлари, қадрият ва анъаналарини сақлаш ҳамда ёш авлодга етказиш мақсадида 157 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатиб келмоқда.

 

Ўзбекистон ўз ҳудудида яшаб келаётган барча миллат ва элат вакилларига ҳамиша бағрикенг ва толерант муносабатда бўлиб келади. Уларнинг ҳар бирининг тили, дини ва бошқа шахсиятларига ҳурмат намунаси ўлароқ мамлакатда миллий теле ва радиоканаллар 12 тилда эфир олиб боради, газета ва журналлар 14 та тилда чоп этилади. Бу эса ўз ўрнида барчага тенг шароитда, ахборотни она тилида олиш имконини бермоқда. Ўзбекистонда 2021 йил белгиланган қонун асосида 30 июль Халқлар дўстлиги куни байрами сифатида нишонланади. Байрам муносабати билан 25–31 июль кунлари Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва дўстликни тараннум этувчи анъанавий “Дўстлик” фестивали тадбирлари ташкиллаштирилган.

 

 

Тадбирлар доирасида 29-июль куни Миллий маданий марказлар павильонларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев 30 июль Халқлар дўстлиги куни билан табриклаб, очиб берди.

 

 

Президент ташаббуси билан барпо этилган мазкур маскан Ўзбекистонда истиқомат қилувчи турли миллат ва элатларни бирлаштирадиган, ўзида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни акс эттирадиган манзил бўлиб хизмат қилади. Бу эса мамлакатдаги барча миллатларнинг бирлиги, қардошлиги, ўзаро ёрдам ва хилма хил маданий меросига ҳурмат улуғланишининг яна бир далилидир.

 

 

Павильон қурилиш жараёнлари бевосита юртимиздаги миллий маданий марказлар раҳбарлари билан маслаҳатлашган амалга оширилган. Унда турли миллат ва элатларнинг ўзига хос маданият ва миллий анъаналарни ифодаловчи икки қаватли бинолар барпо этилди.

 


Ушбу павильонлар мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва умуммиллий ҳамжиҳатлик борасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни ифодалайдиган, ўзаро маданий алмашинув майдони вазифасини бажаради.

 

 

Умуммиллий тотувлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш соҳасида алоҳида хизматлари учун 50 нафарга яқин юртдошлар “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланиб, уларини тантанали топшириш маросими фестиваль доирасида бўлиб ўтади.

 

 

Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан, чегарадош ҳудудлардаги маҳаллаларда халқ сайиллари, концерт дастурлари, турли миллат вакилларининг бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари, миллий спорт ўйинлари, миллий таомлар ва миллий либослар намойишлари ўтказилади.

 

 

“Ўзбекистон – ягона Ватан!” шиори остидаги Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган “Дўстлик” фестивали тадбирлари мамлакатдаги кўп миллатли жамиятнинг якдиллиги ва ҳамжиҳатлиги, миллатлараро муносабатларнинг дўстона асосда ривожланиб бораётганининг ёрқин ифодаси ҳисобланади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//