
Жамият
Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи ярмида ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн 982,3 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,2 фоизга ўсди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.
2025-йилнинг биринчи ярмидаги хулосаларга кўра, Ўзбекистонда ўртача номинал (солиқ ва бошқа тўловларни ўзи ичига олган) ойлик иш ҳақи 5 млн 982 минг сўмни ташкил этди (2024-йилнинг биринчи ярмида 4 млн 965 минг сўм бўлган).
Жорий йил январь–июнь ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи доимгидек Тошкент шаҳрида кузатилган — 10,1 млн сўм. Кейинги ўринларда Навоий (7,5 млн сўм), Тошкент (5,7 млн сўм), Андижон (4,9 млн сўм) ҳамда Бухоро (4,8 млн сўм) вилоятлари қайд этилган.
Энг кам ўртача иш ҳақи Наманган (4,3 млн сўм), Сурхондарё (4,3 млн сўм), Қашқадарё (4,1 млн сўм) вилоятларида кузатилган.
Иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳри (18,8 фоиз), Сирдарё (18 фоиз), Жиззах (17 фоиз), Фарғона (16,9), Наманган (16,6 фоиз) ва Сурхондарё (16,1 фоиз) вилоятларида бўлган.
Жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигида қуйидаги соҳаларда ўртача ойлик иш ҳақи энг баланд даражада тўланган:
– банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти — 16,2 млн сўм;
– ахборот ва алоқа соҳаси — 14,8 млн сўм;
– ташиш ва сақлаш соҳаси — 9 млн сўм;
– саноат соҳаси — 7,2 млн сўм.
Энг юқори ўсиш суръатлари санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида қайд этилган. Хусусан, бу соҳада 2024-йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 20,7 фоизни ташкил қилган, иш ҳақи миқдори эса 5 миллион сўмга етган.
Шунингдек, таълим йўналишларида ҳам сезиларли ўсиш суръати кузатилиб, иш ҳақи миқдори 4 миллион 141,8 минг сўмни ташкил этиб — 18,3 фоизга, ахборот ва алоқа соҳасида иш ҳақи миқдори 14 миллион 785,8 минг сўмни ташкил этиб — 17,0 фоизга, ташиш ва сақлаш соҳасида ўртача иш ҳақи 9 миллион сўмни ташкил этиб — 16,0 фоизга ўсиш кузатилган.
Шунга қарамай, таълим ва соғлиқни сақлаш республикадаги энг кам иш ҳақи тўланувчи соҳалар қаторида қолмоқда. Соҳа ходимлари ўртача иш ҳақидан кам маош олишда давом этмоқда.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ