«Мен зўравонликни тасодиф деб ҳисобламайман» – Шаҳноза Мирзиёева

Сақлаш
09:35 / 24.07.2025 11 0

 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш соҳасида амалий ўзгаришлар бошланганини маълум қилди.

 

«Мен кўпинча шу савол устида ўйланаман: катта ёшдаги инсон қайси паллада боладаги инсоний қиёфани кўрмай қолади? Қачон ғазаб ва безовталик зўравонлик учун баҳонага айланади? Ҳимоя унинг ҳақуқи сифатида боланинг илк нафасидан бошлаб мавжуд бўлиши лозим. Шарт-шароитларга боғлиқ бўлмаган, мутлақ ва кафолатли тарзда», деб ёзади у Instagramʼдаги саҳифасида.

 

Унинг билдиришича, сўнгги бир неча ойдан буён Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларга нисбатан зўравонликни олдини олиш бўйича изчил ишлар олиб бормоқда. Бугунги кунда мазкур мавзу янги, янада юқори босқичга кўтарилмоқда. Агентлик Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиққан.

 

«Мақсад – болаларга нисбатан зўравонлик қилган шахслар жазодан четда қолмаслиги, жавобгарлик адолатли ва муқаррар бўлиши, енгиллаштирувчи ҳолатларсиз, мумкин бўлган энг оғир жазо чоралари қўлланилишига эришишдир», дейди Шаҳноза Мирзиёева.

 

Қайд этишича, ҳозирда Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакилларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳ шакллантирилмоқда. Ушбу гуруҳ қуйидаги аниқ ва амалий ўзгаришлар устида иш бошлаб бўлган:

 

– болаларга зиён етказган шахслар учун жазо чораларини янада кучайтириш

 

– шафқатсизликка йўл қўйганлар учун болалар билан ишлаш ҳуқуқини умрбод тақиқлаш

 

– жавобгарликни тезкор ва самарали таъминлаш мақсадида ягона тартибдаги тезкор протоколларни жорий этиш.

 

«Мен зўравонликни «тасодиф» деб ҳисобламайман. Бу – ҳар доим катталарнинг онгли танловидир. Демак, бунинг муқобили сифатида бошқа бир танлов ҳам бўлиши шарт: уни тўхтатиш танлови. Оқлаш эмас. Муаммога кўз юммаслик танлови», деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари.

 

Ўзбекистонда 38 миллиондан ортиқ аҳолининг ярмидан кўпини болалар ва ёшлар ташкил этади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//