“Яқинда Анталиядан қолишмайдиган йирик туристик мажмуага эга бўламиз” – Азиз Абдуҳакимов

Сақлаш
17:21 / 23.07.2025 67 0

Жиззах вилоятидаги Айдар-Арнасой кўллар тизими қирғоғида замонавий туристик кластер барпо этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида Миллий банк (НБУ) бошқаруви раиси Алишер Мирсоатов маълум қилди.

 

29 гектар майдонни эгаллайдиган лойиҳа президент Шавкат Мирзиёевга Жиззах вилоятига ташрифи чоғида тақдим этилди.

 

Мирсоатовнинг сўзларига кўра, ҳозир Айдаркўлга (Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги сунъий сув омбори) дам олувчилар ташкилланмаган ҳолда ўзлари келади ва бу ерда кунига 2 мингга яқин одам бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишда хорижий, жумладан, Европа тажрибаси ўрганилган. Шундан келиб чиқиб, 5 гектар майдонда чўмилиш ва қуёшда тобланиш зоналари кўзда тутилган.

 

“Бу ерда ҳар хил соябонлар, сўрилар ёки айвончалар — дам олиб ўтирадиган жойлар, йўлаклар, кийим алмаштирадиган хоналар бўлади. Эътибор бердикки, келган одамлар тановул қилиш, салқин ичимликлар ичиш имконияти, хизматдан ҳаммасидан фойдаланиши керак”, — деди Миллий банк раҳбари.

 

Кўл соҳилида шифобахш балчиқлар ҳам бўлади. Мирсоатовнинг сўзларига кўра, улар негизида 210 ўринга мўлжалланган йил давомида хизмат қиладиган санаторий барпо этилади. Бундан ташқари, 110 ўринли (ҳар бир хонада 2−4 киши) капсулали меҳмонхоналар, шунингдек, 2−8 кишига мўлжалланган янада арзон хоналар режалаштирилмоқда.

 

Шунингдек, сайёҳлар учун фаол дам олиш имконияти: транспорт воситаларида чўлда сайр қилиш, картинг, ўйин майдончалари, пляж волейболи ва футбол мавжуд бўлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 220 млрд сўмга (17,5 млн доллар) баҳоланмоқда. 29 гектарнинг 3 гектардан ортиғи кўнгилочар ва ёрдамчи инфратузилма учун ажратилган. Мажмуа қуриб битказилгандан сўнг бир вақтнинг ўзида 610 нафаргача дам олувчини қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Бу ерда 200 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

 

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов бу лойиҳага Форс кўрфази мамлакатлари инвесторларининг қизиқиши ҳақида маълум қилди.

 

Унинг сўзларига кўра, Туризм қўмитаси делегатсиясининг яқинда Форс кўрфази мамлакатларига ташрифи Ўзбекистоннинг сайёҳлик йўналишларига хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотган. Вазирнинг қайд этишича, бу мамлакатларда тоғлар ва қишки туризм етишмайди, бу эса Ўзбекистонни жозибадор йўналишга айлантиради.

 

Абдуҳакимов, шунингдек, Жиззах вилоятида яна бир йўналиш — сув ва пляж туризмини ривожлантириш салоҳияти борлигини таъкидлади.

 

“Яхши биламиз, ҳозирги кунда маҳаллий аҳолимиз кўплаб сув ва пляж туризми учун чет элга боришади ва жуда ҳам катта миқдордаги валюта маблағлари у ерда қолдириляпти. Шундан келиб чиқиб, ҳурматли президентимизнинг топшириқлари асосида Ўзбекистонда ҳам бир нечта мана шунақа сув туризми, пляж туризмини ривожлантириш нуқтаи назаридан лойиҳалар амалга оширилмоқда”, — деди у.

 

“Ўйлашимча, бу ер камида йилига 200 мингдан ортиқроқ хорижий туристлар ва 1 миллионга яқин ўзимизнинг маҳаллий туристлар ташриф буюриши имкониятига эга”, — деди у. Азиз Абдуҳакимов сўзларига кўра, лойиҳа атроф-муҳитга зарар етказмасдан барқарор ва “яшил” туризм тамойилларига амал қилган ҳолда амалга оширилмоқда.

 

Унинг қўшимча қилишича, халқаро сув ва пляж туризми марказлари учун хос бўлган барча асосий хизматлар яратилаётган кластерда мавжуд бўлади.

 

“Бир неча йилдан кейин Анталия қирғоқларида яратилган пляж туризми масканлари ёки Дубайдаги ёхуд бошқа ўша денгиз бўйидагидан ҳеч қолишмайдиган бир йирик туристик мажмуага эга бўламиз”, — деди вазир.

 

Шавкат Мирзиёев ва Азиз Абдуҳакимов. Фото: Президент матбуот хизмати.

 

 

азиз абдуҳакимов, айдар-арнасой кўллар тизими, айдаркул, алишер мирсоатов, жиззах вилояти, туризм

 

азиз абдуҳакимов, айдар-арнасой кўллар тизими, айдаркул, алишер мирсоатов, жиззах вилояти, туризм

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//