Яккасарой тумани профилактика инспектори ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган қиз ҳаётини сақлаб қолди

Сақлаш
16:00 / 23.07.2025 8 0

Тошкентнинг Яккасарой туманида кўп қаватли уй томидан ўзини ташламоқчи бўлган ўсмир қиз қутқариб қолинди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

 

Қайд этилишича, вояга етмаган шахс кўп қаватли уйлардан бирининг том қисмига чиқиб, пастга ўзини ташламоқчи бўлган. Бу ҳолатга гувоҳ бўлган фуқаролардан бири маҳалла ҳудудидаги “Ташвиш тугмаси”ни босиб, Ички ишлар органлари Қутқарув хизмати навбатчилик қисмини хабардор қилган. Маҳалла профилактика инспекторига ҳам хабар етиб борган .

 

Зудлик билан воқеа жойига келган маҳалла профилактика инспектори томга чиққан. Шу вақтда пастда жамоат тартибини сақлаш билан шуғулланаётган ички ишлар ходимлари ҳам вазиятни назорат қилган.

 

“Воқеа жойига етиб борганимизда, ёши тахминан 15 ларда бўлган вояга етмаган қиз ўз жонига қасд қилиш мақсадида бинонинг 9-қаватига чиққан эди”, — дейди “Дамариқ” МФЙ профилактика инспектори Санжар Бекмуродов.

 

У 9-қаватдаги бошқа хонадонлардан бирининг балкони орқали, ўз жонига қасд қилиш ниятидаги қизга яқинлашган. Қиз ниҳоятда агрессив ва стресс ҳолатида бўлгани сабабли, профилактик суҳбатлар олиб борилган. Унинг ёнигача бориб олиш жараёни 25−30 дақиқа давом этган.

 

“Вояга етмаган синглимизни 10−15 дақиқа давомида бор кучим билан ушлаб турган вақтимда, у менга жиддий қаршилик кўрсатди. Аммо ўзимни қўлга олган ҳолатда уни ушлаб туришга муваффақ бўлдим”, — деди профилактика инспектори.

 

Қиз ФВВ ходимлари кўмагида арқон орқали томдаги хавфсиз жойга чиқариб олинган. Шундан сўнг, фуқаро ва вояга етмаган қиз тиббий кўрикдан ўтказилган, мутахассислар томонидан психологик суҳбатлар олиб борилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//