Қирғизистон ноқонуний мигранларнинг мамлакатга қайта киришини чекламоқчи

Сақлаш
14:32 / 16.07.2025 8 0

8 июль куни Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Ўш вилоятига ташриф буюриб, ноқонуний миграцияга нисбатан чора қўллаш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Бу ҳақда Репорт.кг хабар берди.

 

Чегара ходимлари қайд этишича, «Достук» назорат пунктидан ҳар куни 20 мингга яқин одам ўтади. Эрталабки оқим Қирғизистонга йўналади, кечки пайт бўлса фуқаролар Ўзбекистонга қайтади. Ташиев нега бундай бўлишига қизиқди:

 

«Яъни улар эрталаб келиб, кечаси кетадими? Улар кечгача ишлаб яна қайтиб кетадими? Улар фақат бир кун ишлайдими?»,

 

Подполковник Исманалиев Ўзбекистондан келувчилар орасида ишлаш учун келганлар ва меҳмон сифатида ташриф буюрувчилар ҳам бор эканини қўшимча қилди.

 

Унга жавобан Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Ўш шаҳри ва Ўш вилояти раҳбари Даниел Рисалиевга ноқонуний миграция масалалари бўйича назорат ўтказишга кўрсатма берди.

 

Исманалиев шунингдек, ўзбекистонликлар Қирғизистонда 60 кунгача қолиши мумкинлиги, шундан кейин мамлакатни тарк этиши кераклигини билдирди. Бунда улар келганидан сўнг 5 кун ичида рўйхатдан ўтиши зарур.

 

Ташиев қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилишни буюрди.

 

«Келаверишсин, буни ёмон жойи йўқ. Ўзбекистон бизнинг қўшнимиз. Ўртамизда дўстона муносабат бўлиши керак. Бироқ ҳамма нарса қонуний бўлиши керак» — дейди у.

 

Ташиев шунингдек, қоидабузарлик учун жарима солиш чораси ҳақида ҳам сўради. Чегара хизмати ходимлари Ўзбекистон фуқаролари чегарани виза билан кесиб ўтишини айтди. Унга кўра, виза вақти ўтиб кетганлар жаримага тортилади. Бу ҳолат ҳар куни 10 тадан 15 тагача қайд этилади.

 

Исманалиев Қирғизистон қонунларини бузганларга мамлакатга киришни тақиқлаш чорасини кўриб чиқиш топшириғини берди.

 

«Балки, Вазирлар маҳкамасининг кўрсатма ёки қарори талаб этилар. Агар виза режими бузилган бўлса, қоидабузарларни қайтиб киритмаслик керак. Бу қоидабузарликлар сонини камайтиришга ёрдам беради», дейди у.

 

Ташиев бу масалани жорий йилнинг июль ойи якунигача ҳал қилишни айтди.

 

Қирғизистонда чет элликлар ишга жойлашиши учун ишлаш учун рухсатнома ва ишчи виза талаб этилади. Иш берувчи рухсатномани расмийлаштиради, ишчи виза бўлса мазкур рухсатнома асосида берилади.

 

2025 йил 1 январдан буён виза ва квоталарни алоҳида расмийлаштиришни ўрнини босувчи «Ягона рухсатнома» жорий қилинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//