Болаларни ит каби "вовуллатган" дефектологга янги жиноят иши очилди

Сақлаш
18:40 / 15.07.2025 6 0

Ижтимоий тармоқларда дефектолог болаларни ит каби "вовуллатгани" акс этган видео тарқалди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова мазкур ҳолат юзасидан Дилором Жабборовага янги жиноий иш очилганини маълум қилди.

 

Унга кўра, Дилором Жабборованинг иш услубига аввал ҳам илмий ва касбий баҳо берилган. Унинг иш услуби мутлақо илмий асосланмагани, мураккаб дудуқланиш муаммосига «тор ва ибтидоий ёндашгани», дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига «жиддий зарар етказиши» ҳамда педагогика қоидаларига «бутунлай зидлиги» аниқланган.

 

2024 йил феврал ойида Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва болалар дудуқланиши муаммосига оид ҳар қандай фаолиятни давом эттирмаслик юзасидан тегишли тартибда огоҳлантирилган эди. Болалар омбудсмани хабаридан маълум бўлишича, ушбу жиноят иши 2025 йил 17 апрел куни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани прокуратураси томонидан тугатилган.

 

Бироқ маълум вақт ўтгач, Дилором Жабборова дефектологияга алоқадор бўлмаган амалиётини давом эттирган.

 

«Д.Ж.нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан 2025 йилнинг 2 июн куни Болалар омбудсмани Бош прокуратурага тегишли сўров юборди», дейилади ахборот матнида.

 

25 июнь куни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани прокуратураси томонидан жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор бекор қилиниб, иш ҳужжатлари тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган.

 

4 июл куни Тергов бўлими томонидан Д.Ж.нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//