«Вазирлик таълим соҳасида бундай жирканч ҳолатларга мутлақо тоқат қилмайди» – Конгратбай Шарипов

Сақлаш
11:21 / 15.07.2025 10 0

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов таълим соҳаси вакилларини жиноят эмас, билим ва тарбия орқали жамиятга хизмат қилишга чақирди.

 

Куни кеча Тошкент ва Фарғонада айрим фуқаролар, жумладан, таълим тизимида фаолият юритаётган ўқитувчилар томонидан абитуриентларни олий таълим муассасасига ноқонуний, пора эвазига киритиб қўйишга уриниш ҳолатлари аниқланган, улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган эди.

 

Вазир мазкур ҳолатларни мутлақо кечирилмас ва кескин қораловга лойиқ ҳаракатлар деб баҳолаб, бундай ноқонуний уринишлар бутун олий таълим тизимига доғ туширишини таъкидлади.

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги коррупцияга қарши муросасиз кураш тарафдори эканини, таълим соҳасида бундай жирканч ҳолатларга мутлақо тоқат қилинмаслигини билдириб, айниқса, бундай ҳолатлар давлат раҳбари томонидан устувор йўналиш сифатида белгиланган ҳалоллик ва адолат тамойилларига зид эканини ва бу жамиятда ишончсизликни юзага келтириш хавфини туғдиришини айтди ва ўқитувчилар ва соҳа вакилларига мурожаат қилди:

 

«Биз сизлардан билим ва тарбия бериш орқали жамиятга хизмат қилишни кутамиз, жиноят содир этишни эмас. Ҳар бир педагог бу муқаддас касб ортида юрт келажаги, инсон тақдири турганини чуқур ҳис қилиши керак. Олий таълим тизимидаги ҳар бир раҳбар ва ходим коррупцияга қарши шахсий масъулият билан ёндашиши, бу борада фақат қонун доирасида фаолият юритиши шарт», дейди вазир.

 

У шунингдек, абитуриентларга ҳеч ким пора эвазига олийгоҳга киритишга ҳаққи йўқ эканини, улар фақат ўз билими орқали адолатли танлов асосида талаба бўлиши мумкинлигини қатъий билдирди.

 

Хабарда шунингдек, вазирлик барча таълим муассасаларида очиқлик, шаффофлик ва адолатли рақобат муҳитини мустаҳкамлаш, бу каби ҳолатларга барҳам бериш йўлида иш олиб бориши таъкидланган. Ҳуқуқбузарликка қўл урган шахслар қонун олдида жавоб бериши ва жазо муқаррарлиги эслатилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//