2030 йилгача Ўзбекистонда асфальт қилинмаган ички йўл қолмайди – транспорт вазири

Сақлаш
08:54 / 14.07.2025 9 0

Ўзбекистонда 2030 йилгача маҳаллалардаги барча асфальтланмаган ички йўллар тартибга келтирилади. Бу ҳақда 11 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Ҳукумат соати»да транспорт вазири Илҳом Махкамов маълум қилди, дея хабар бермоқда Газета.уз.

 

Депутатлардан бири маҳаллий йўллар ҳолатига эътибор қаратилмаётганини танқид қилди. Айниқса, куз-қиш мавсумида аҳоли уларнинг қониқарсиз аҳволидан шикоят қилиб келаётганини алоҳида таъкидлади.

 

«Биз депутатларни бир қийнайдиган масала бор. Буни очиқ айтиш керак. Ҳозир маърузангизда ҳам бу нарсани мен эшитмадим, кутдик, тўғрисини айтиш керак. Бизни — барча депутатларни қизиқтирадиган масала маҳаллий йўллар: қишлоқ, овул, шаҳарлараро ўртадаги йўллар. Республика миқёсидаги йўлларни батафсил айтдингиз. Республика миқёсидаги йўллар бўйича ислоҳот ҳақиқатан зўр, жуда чиройли олиб бориляпти. Лекин баъзи бир жойларга борганимизда Open budget’га қўёлмайдиган маҳаллалар бор, овоз беролмайдиган маҳаллалар бор», — деди у.

 

Шунингдек, депутат ажратилган маблағ маҳаллий йўлларни сақлаш учун етарли бўладими ёки йўқлигига шубҳа билдирди:

 

«Ҳозир ҳисоботда ҳам турибди — маҳаллий ҳокимликларга ўтказиш масаласи. Уларнинг балансига ўтказиляпти. Битта туманга 4 млрд маблағ ажратиляпти, яна қўшимча жамғармадан ажратилар экан. Лекин маҳаллий ҳокимликнинг пули маҳаллий йўлга етиш эҳтимолияти ҳисоб-китоб қилинганми? Доим куз-қиш мавсуми бошланса, бизга мурожаатлар кўпаяди. „Фарзандларимиз лой йўллардан мактабга боряпти, боғчага боряпти“, деган масалалар бор», — деди у.

 

«Нимагаки, биз маҳаллий ҳокимликка қараб қоладиган бўлсак, эртага биз аҳолининг олдида ҳеч қандай аниқ жавоб ёки ечим бера олмаймиз. Нимагаки, бу аҳоли ҳақли эътирозини билдирдими, ҳақли эътирозига яраша тўғри жавобни бериш керак», — дея қўшимча қилди депутат.

 

Бунга жавобан транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳисоботда маҳаллий автомобиль йўлларини яхшилаш дастури тўғрисидаги маълумотларни эълон қилмаганини тан олди ва бундай дастур мавжудлиги ва амалга оширилаётганини маълум қилди.

 

«Бизда аниқ дастур бор. Мен, минг афсус, кўрсатмабман. Бизнинг тасарруфимизда бўлмаган тақдирда ҳам бунинг умумий сиёсатни биз юритамиз. Маҳаллий ҳокимликларнинг бўйнига қолди дегани билан ҳам алоҳида параметр бўйича, бюджетнинг параметри бўйича уларга ўша йўлларни таъмирлаш ишлари бўйича параметр, пул белгилаб кетилади. Сиз айтганингиздек, 4 миллиарддан ташқари, бу мисол тариқасида, 4 миллиарддан ташқари уларда қолдиқ сифатида қолган пулларни ҳам асосий манбалардан биттаси бу йўл таъмирлашдир», — деди у.

 

Транспорт вазирлиги раҳбари беш йилдан сўнг маҳаллалардаги барча асфалтланмаган йўллар тартибга келтирилишини маълум қилди.

 

«Маҳалла, ички йўлларда 2030 йилгача асфальт қилинмаган йўл қолмайди. Аниқ дастур бор. Яъни бугунги кунда биз 70 фоиз лой, тупроқ йўлларини айримини шағалга, айримини асфальтга ўтказдик. Қолган 30 фоизини, умуман, тупроқ йўлларни икки йилда шағалга ўтказамиз ва 2030 йилгача юриб бўлмайдиган аҳоли пунктининг ўзи қолмайди», — деб ишонтирди Илҳом Махкамов.

 

«Бу амбициоз бўлган тақдирда ҳам, лекин мана, Молия ва иқтисодиёт вазирлиги билан бирга бўйнимизга олган тизим», — деди у.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//