«Бу йил Тошкент шаҳрига 8 миллиард доллар инвестиция олиб келяпмиз» – Президент

Сақлаш
18:05 / 10.07.2025 9 0

 

Президент Шавкат Мирзиёев 10 июль куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, аҳолининг турмуш шароитлари, саноат корхоналари фаолияти билан танишди.

 

Президент пойтахтнинг Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларига ташриф буюрди. Уларни Бунёдкор кўчаси боғлаб туради. Ушбу марказий кўчада санъат ва маданият масканлари, турли идоралар, кўп қаватли уйлар, супермаркет ва ресторанлар жойлашган. Бу салоҳиятдан фойдаланиб, унинг 1,5 километр қисми хизмат кўрсатиш ва гастротуризм кўчасига айлантирилди.

 

 

Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга бу ердаги шароитларни кўздан кечирди. Қайд қилинишича, бу ердаги 90 та тадбиркорлик субъекти туну кун ишлаш тартибига ўтказилган. Шундан 45 та корхона янги ташкил этилган. 500 киши иш билан таъминланган. Ҳозир бу жойга йилига 255 минг меҳмон келмоқда. Энди уларнинг сонини йилига 1 миллионга етказиш учун шароит бор.

 

Сўнгги йилларда туризм соҳасида 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди. Туризм қишлоқлари, меҳмон уйлари, гастрономик кўчалар қўллаб-қувватланаяти.

 

Пойтахтнинг Миробод, Олмазор, Чилонзор, Яккасарой, Янгиҳаёт туманларида шундай гавжум кўчалар ташкил этилган. Таъкидланишича, Бунёдкор кўчаси мазкур туризм ҳалқасининг бир қисми бўлади. Умуман, Тошкент шаҳрида 26 та кўчани туну-кун ишлайдиган гавжум кўчага айлантириш, 24 соат ишлайдиган савдо нуқталарини мингтага кўпайтириш режалаштирилган.

 

Шу ерда замонавий бекатлар ҳамда автотураргоҳлар тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Шундан сўнг Президент Шайхонтоҳур туманидаги Янги Камолон маҳалласида бўлди.

 

Маълум қилинишича, Янги Камолон маҳалласида 4 минг 600 нафардан зиёд аҳоли яшайди. 60 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳалла ёшлари иш билан банд. Бу йил ҳунармандлар маскани, дала маҳсулотлари ва қандолатчилик дўконлари, новвойхона ташкил этилди, хусусий тиббиёт пункти очилди. Натижада маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айланди.

 

Шу ерда Шайхонтоҳур тумани «Ислоҳотлар штаби» фаолияти тўғрисида ахборот берилди.

 

«Шайхонтоҳурда ҳунармандчилик азалдан бўлган. Бугун ҳам туманда одамларни иш билан, даромад билан таъминлашда бу катта манба. Шунинг учун Шайхонтоҳур мисолида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирлар режасини қабул қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

 

 

«Янги Камолон» бошқарув сервис компанияси маҳалладаги 21 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Ҳисоб-китобларда биллинг тизими йўлга қўйилган. Бу йил марказий иссиқлик қувурлари изоляция қилинди, электр тармоқлари ва уйларнинг йўлаклари таъмирланди. Айрим уйларга янги лифтлар ўрнатилди.

 

Давлат раҳбари келгусида бошқарув сервис компанияси биноларини кўп қаватли қилиб қуриб, ёшлар учун касб-ҳунар ўқувлари, маиший хизмат шохобчаларини жойлаштириш бўйича кўрсатма берди. Бу ердагидек кичик кутубхоналарни бошқа маҳаллаларда ҳам ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

 

Маҳалла айвонида аҳоли билан самимий суҳбат бўлди.

 

«Сўнгги йилларда кўп корхоналар очилди, иқтисодиёт ўсяпти. Шу билан бирга, ёшларимиз ҳам етишиб келяпти. Уларнинг таълим-тарбияси, соғлиги, иш ўринларини ҳозирдан ўйлашимиз керак. Шунинг учун бу йил Тошкент шаҳрига 8 миллиард доллар инвестиция олиб келяпмиз. Бунинг ҳисобидан Шайхонтоҳурда ҳам янги-янги иш жойлари, таълим масканлари, инфратузилма иншоотлари бўлади», деди Президент.

 

Отахон ва онахонлар юртимиздаги ўзгаришлардан хурсандлигини таъкидлаб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//