Андижон ва Сурхондарёда тадбиркорлардан пора олишда айбланиб, солиқчилар қўлга олинди

Сақлаш
10:15 / 10.07.2025 12 0

 

ДХХ Андижон ва Сурхондарёда Солиқ бошқармаларининг бош инспекторлари пора билан ушланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

 

Қайд этилишича, Андижон вилояти Солиқ бошқармасининг Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори мансаб мавқейидан фойдаланиб, Олтинкўл туманида радио ва телеаппаратуралар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ томонидан солиқ ва йиғимлар бўйича топширилган солиқ ҳисоботларида товарлар реализацияси тўғри акс эттирилмагани натижасида МЧЖга жуда кўп миқдорда солиқ ҳисобланиши ҳамда солиқ текшируви ўтказилишини айтган.

 

Сўнгра Солиқ бошқармасидаги ҳамкасблари орқали ушбу текширувни ўтказмасликни ваъда қилиб, эвазига 3000 АҚШ доллари талаб қилган ва МЧЖ таъсисчисидан олдиндан 500 АҚШ доллари олган. Қолган 2 500 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Бошқа ҳолатда эса Сурхондарё вилояти Солиқ бошқармасининг Солиқ органлари фаолияти устидан назорат қилиш бўлими бош инспектори Жарқўрғон туманида мототцикллар ва эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланувчи МЧЖга нисбатан ўзининг ваколатли ҳамкасблари орқали сайёр солиқ текшируви ўтказиш билан қўрқитиб, мазкур текширувни амалга оширмаслик эвазига МЧЖ раҳбаридан 2 500 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва Прокуратура органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Ҳозирда ушбу солиқ идоралари ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Ушбу моддага кўра, хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик қилиш БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//