Мактаб ерини сотмоқчи бўлган туман ҳокими қўлга олинди

Сақлаш
09:13 / 10.07.2025 14 0

 

Шунингдек, Гулистон шаҳар прокурори ўринбосари ҳам пора билан ушланди.

 

Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев тадбиркордан 10 минг доллар пора олаётганда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

 

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокимлигининг бош мутахассиси қурилиш соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбарига туман ҳудудидан кўп қаватли уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиб беришни ваъда қилади ва эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилади.

 

Жорий йилнинг 5 июль куни бош мутахассис сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини олиб, туман ҳокимига беради. 8 июль куни эса тадбиркордан қолган 20 минг АҚШ долларини ҳам олади. Тадбиркорга туман ҳокимининг тегишли қарори билан «Токчилик» МФЙ ҳудудида умумий ўрта таълим мактаб биносини барпо этиш учун ажратилган 1,7 гектар ер майдонида 8 та кўп қаватли уй қурилишига рухсат берилган ҳужжатларни тақдим этади.

 

Сўнгра, бош мутахассис ҳокимият биноси олдида туман ҳокимига 10 минг АҚШ долларини берган вақтида ДХХ ходимлари томонидан уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилади.

 

Ҳозирда Шароф Рашидов тумани ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан, бош мутахассисга эса Жиноят кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

 

Маҳмуд Парсаматович Холбўтаев муқаддам Мирзачўл тумани ҳокими ва Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган, 2019 йил 26 октябридан Шароф Рашидов тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётганди.

 

У Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан «Дўстлик» ордени билан ҳам тақдирланган.

 

Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида кузатилган бошқа бир коррупцион ҳаракат ҳам ДХХ ходимлари томонидан тўхтатилади. Гулистон шаҳар прокурори ўринбосари ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, тадбиркордан пора талаб қилади. Воқеа Боёвут туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари билан юз беради. Прокурор Боёвут тумани ИИБ Тергов гуруҳи иш юритувидаги Жиноят кодексининг 168 ва 167-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлламаслик ҳамда кейинчалик ишни гумонланувчи фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 10 минг доллар пора сўрайди.

 

ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қонун ҳимоячиси талаб қилинган пулни ўз хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

 

Прокурор ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

 

Хабарга кўра, юқоридаги ҳар икки ҳолат юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//