Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримованинг ошхонада суд қилингани ва бошқа даъволарни рад этди

Сақлаш
17:02 / 09.07.2025 4 0

Гулнора Каримовага нисбатан барча жиноий ишлар қонунчилик нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда кўриб чиқилган. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази томонидан эълон қилинган ҳукумат баёнотида маълум қилинди.

 

Баёнотда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи томонидан Гулнора Каримованинг жиноий жавобгарликка тортилиши юзасидан қабул қилинган 17/2025-сонли мулоҳазасига жавобан бир қатор маълумотлар келтирилди.

 

Унга кўра, Гулнора Каримовага нисбатан барча жиноий ишлар жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилик нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда, шунингдек, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини, жумладан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини инобатга олган ҳолда қўзғатилган ҳамда кўриб чиқилган.

 

Ҳимояга бўлган ҳуқуқ ва одил судлов ҳуқуқи жиноят процессининг барча босқичларида таъминланган. Каримова мустақил равишда танланган ёки белгиланган тартибда тайинланган ҳимоячиларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Жиноят ишига оид материаллар билан танишиш, қарорлар устидан шикоят қилиш ҳамда ҳимоячи билан мулоқотнинг махфийлиги тамойилига риоя қилинган.

 

Гулнора Каримова иши бўйича суд қарорлари ваколатли судлар томонидан оғир ва ўта оғир жиноятлар, жумладан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, жиноий даромадларни легаллаштириш, давлат мулкини ғайриқонуний ўзлаштириш, фирибгарлик ва давлатга жуда катта миқдорда зарар етказган бошқа жиноятлар содир этилганлигини тасдиқловчи етарли далиллар асосида чиқарилган.

 

“Унинг 2014 йилда гўёки ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани, узоқ муддат уй қамоғила сақлангани, ъошхонадаги судъ ва бошқа шу каби даъволар асоссиздир. Барча процессуал ҳаракатлар ва суд муҳокамалари процессуал қонунчилик нормалари ва талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказилган”, дейилади баёнотда.

 

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда маҳкума суд қарорлари устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

 

Ўзбекистон ҳукумати мазкур иш бўйича сиёсий сабаблар мавжудлиги тўғрисидаги даъволарни қатъиян рад этди. Билдирилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг барча ҳаракатлари фақат судланувчининг жиноий ҳаракатларни содир этишдаги айбини тўлиқ тасдиқловчи ҳуқуқий ва далилий жиҳатларга асосланган бўлиб, унинг қонуний иқтисодий фаолияти ва/ёки сиёсий мавқеси ёки қарашларига дахл қилмаган.

 

2022 йилда Швейсария Конфедерацияси билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги битим доирасида Каримова илгари жиноий йўл билан орттирган ва қайтарилган молиявий маблағлардан Ўзбекистон ҳукуматининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун фойдаланиш мақсадида Vision 2030 жамғармаси ташкил этилган. Жамғарма бошқаруви БМТнинг Кўп томонлама шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилмоқда.

 

Баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини виждонан бажариб келмоқда ва БМТ механизмлари, жумладан махсус тартиб-таомиллари билан конструктив мулоқотни қўллаб-қувватлашга тайёр.

 

Ҳукумат халқаро тузилмаларда ўз обрўсини ҳимоя қилиш, шунингдек, ишончли ахборотни манфаатдор томонларнинг кенг доирасига тушунтириш бўйича кейинги қадамларни қўйиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//