Афғонистон расмийлари билан учрашув ва 400 млн долларлик янги лойиҳалар - Озарбайжон таширифининг 2-куни қандай ўтди

Сақлаш
10:58 / 04.07.2025 5 0

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга ташрифи давомида 3-июнь куни Хонкенди шаҳрида Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародарни қабул қилди, деб хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

 

Учрашув Озарбайжонда бўлиб ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида амалга ошди. Томонлар савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика, энергетика соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилди.

 

Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони барқарор ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, амалий алоқалар фаоллашиб, жорий йилнинг май ойида Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларида Ўзбекистон савдо уйлари очилди. Июнь ойида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим имзоланди.

 

Ўзбекистон етакчиси чегараолди савдо ва тегишли инфратузилмани ривожлантириш, қазиб чиқариш, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида, қурилиш материаллари тармоқларида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.

 

Стратегик муҳим минтақавий лойиҳа — Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

 

Президент ИҲТ саммитининг маданий тадбирларида иштирок этди

 

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳамроҳлигида Ағдам шаҳридаги "Иморат" тарихий-меъморий мажмуасига ҳам ташриф буюрди.

 

Бу ерга Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарлари ҳам келди. Ағдам шаҳри Озарбайжоннинг ғарбий қисмида, Қорабоғ туманида жойлашган. 2021-йилдан бошлаб шаҳар инфратузилмаси фаол тикланмоқда: янги мактаблар, болалар боғчалари, уй-жойлар, маъмурий бинолар қурилмоқда.

 

"Иморат" мажмуасида Қорабоғ хонлиги асосчиси Паноҳ Алихоннинг саройи ва мақбараси жойлашган. 2024-йилда мажмуа реставрация ишлари ва археологик тадқиқотлардан сўнг қайта очилди.

 

Бу ерда Қорабоғ тулпорлари парки ва интерактив музей ташкил этилган. Етакчилар мажмуада яратилган шароитлар, бунёдкорлик ишлари билан танишди. Меҳмонлар эътиборига Озарбайжон Қорабоғининг бой маданияти ва анъаналарини акс эттирувчи Қорабоғ тулпорлари иштирокидаги "Зафар" номли маданий дастур тақдим этилди.

 

Боку ва Тошкентда дўстлик боғлари очилади

 

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Шароф Раҳмонов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида Озарбайжон тадбиркорлари билан пойтахтда амалга оширилаётган янги қўшма лойиҳалар ҳақида гапирди.

 

“Аввало, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Боку шаҳри мерияси ўртасида йўлга қўйилган жуда жадал ҳамкорликни алоҳида таъкидламоқчиман”, — деди у.

 

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида пойтахтлар ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, икки томонлама алоқаларни ривожлантириш бўйича йўл харитаси ва амалий чора-тадбирлар режаси имзоланган эди.

 

“Ҳозирги ташриф чоғида ҳокимлик ва бир қатор компаниялар ўртасида қиймати 400 миллион долларга яқин олтита ҳужжат имзоланди. Булар хизмат кўрсатиш соҳасига тегишли: Тошкент шаҳрида беш юлдузли меҳмонхона мажмуаси, турар жой ва савдо-кўнгилочар мажмуаси қурилиши, шунингдек, меҳмонхоналар, қаҳвахоналар, ресторанлар тармоғини яратиш лойиҳаси”, — деди у.

 

Раҳмоновнинг сўзларига кўра, дўстлик боғи лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Боғда кўнгилочар марказлар, меҳмонхоналар ва ҳунармандлар учун ҳудудлар ташкил этилади.

 

Бокудаги “Ўзбекистон” боғига киритилган сармоялар ҳажми 80 миллион долларга баҳоланмоқда. Лойиҳа Самарқанд, Бухоро, Хива услубидаги меъморий объектлар, устахоналар, миллий таомлар ресторанлари, пляж, океанариум, савдо мажмуаси ва бошқаларни яратишни назарда тутади. Тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг хабар беришича, президент ушбу боғни Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги ҳақиқий кўзгусига айлантиришни буюрган.

 

Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 23 август куни президент Илҳом Алиевнинг Тошкентга давлат ташрифи чоғида Боку ва Тошкентда “Абадий шаҳар” мажмуаларини қуриш режаларини маълум қилган эди. “Бокуда ўзбек тупроғи, Тошкентда Озарбайжон тупроғи бўлади”, — деганди у.

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//