ЖССТ ҳукуматларни алкоголь, сигарет ва ширин ичимликлар нархини оширишга чақирди

Сақлаш
17:23 / 03.07.2025 4 0

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) дунёнинг барча мамлакатларини 2035 йилгача алкоголли маҳсулотлар, сигарет ва ширин газланган ичимликлар нархини соғлиқ учун солиқлар ҳисобига камида 50 фоизга оширишга чақирди. Бу ҳақда ташкилот баёнотида айтилади.

 

ЖССТнинг таъкидлашича, бундай чора давлатларга буджетга муҳим даромадлар келтиришга ёрдам беради ва юқумли бўлмаган касалликлар (ЮБК) тарқалишини камайтиради. Ташаббус «3 га 35» деб номланган.

 

Ташкилотнинг таъкидлашича, ЮБК эпидемиясига асосан тамаки, алкоголь ва шакарли ичимликлар истеъмоли сабаб бўлади. Юқумли бўлмаган касалликлар, жумладан, юрак хасталиклари, саратон ва қандли диабет дунёдаги барча ўлимларнинг 75 фоиздан ортиғига асосий омил бўлмоқда.

 

«Яқинда эълон қилинган ҳисобот шуни кўрсатдики, бундай маҳсулотлар нархини бир марта 50 фоизга ошириш кейинги 50 йил ичида 50 миллион эрта ўлимнинг олдини олишга ёрдам беради», дея таъкидлайди ЖССТ.

 

Ташаббуснинг асосий мақсади касалликлар олдини олишдир, шунингдек ушбу чора 10 йил ичида 1 триллион долларлик солиқларни йиғишга ҳам сабабчи бўлади. 2012 йилдан 2022 йилгача 140 га яқин мамлакат тамаки маҳсулотларига солиқларни оширди, натижада уларнинг реал нархи 50 фоиздан кўпроққа ошди, дея қўшимча қилади ЖССТ.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//