Янги очилган элчихона биноси ва «Ўзбекистон» боғи. Ўзбекистон Президентининг Озарбойжонга ташрифи

Сақлаш
09:33 / 03.07.2025 7 0

 

Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Президент Илҳом Алиевнинг таклифига биноан Озарбойжонга ташриф буюрди.

 

Ҳайдар Алиев номидаги аэропортда давлат раҳбарини Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Яқуб Аюбов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

 

Шундан сўнг «Загулба» қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув ва Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ўтказди.

 

 

Шавкат Мирзиёев бу галги давлат ташрифи ва Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган йилда ўтаётганини алоҳида таъкидлади.

 

«Муносабатларимиз тарихда ҳеч қачон бугунгидек юксак даражада бўлмаган», – деди Ўзбекистон етакчиси.

 

Расмий маросимлардан сўнг Президентлар иштирокида Боку шаҳрида «Ўзбекистон» боғига тамал тоши қўйишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

 

Янги боғ Бокунинг нуфузли ва жадал ривожланаётган «Оқ шаҳар» мавзесидан ўрин олади. Лойиҳага кўра, 4,5 гектар майдонда Ўзбекистоннинг бой маданияти ва анъаналарини намойиш этадиган улкан мажмуа барпо этилади.

 

Маросимда икки давлат раҳбарлари биргаликда боғ пойдеворига рамзий капсула қўйиб, ушбу муҳим лойиҳа қурилишини бошлаб берди.

 

Шундан кейин, Ўзбекистоннинг Боку шаҳридаги элчихонаси янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирок этди. Элчихона заллари Ўзбекистон ҳудудлари номи билан аталган. Президентимиз халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида заллардан бирига Қорабоғ номини беришни таклиф этди.

 

 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга давлат ташрифининг биринчи куни якунида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамроҳлигида Сеа Бреэзе дам олиш мажмуаси фаолияти билан танишди.

 

Давлат раҳбарига бу ерда яратилган шароитлар, дам олиш зоналари, пляжлар, спорт майдончалари, меҳмонхоналар, коттежлар ва турар-жой мажмуалари ҳақида маълумот берилди.

 

Лойиҳа замонавий «Каспий ривераси»га айланган. Курорт қарийб 500 гектар майдонни эгаллаган. Бу ерда 6,5 километрлик пляж зонаси, 150 гектар майдонда яшил ҳудудлар ва дам олиш объектлари мавжуд бўлиб, 700 мингга яқин дарахт ва буталар экилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//