Ўзбекистонда сунъий интеллектнинг миллий модели яратилади

Сақлаш
16:27 / 02.07.2025 8 0

Шавкат Мирзиёев 1 июль куни рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва телекоммуникация соҳаларидаги режалар тақдимоти билан танишди.

 

Охирги беш йилда соҳа экспорти 170 млн доллардан 1 млрд долларга яқинлашгани қайд этилди. Интернет тезлиги 7 баробар, мобил интернет эса 4,5 баробар ошди. Ўтган йили соҳадаги стартапларга 70 млн доллар венчур инвестиция киритилди.

 

Буларнинг натижасида Глобал стартаплар индекси рейтингида Ўзбекистон 12 поғона юқорилаб, ТОП-100 таликка кирди. Ўтган йили Сунъий интеллектга тайёрлик халқаро индексида 17 поғона кўтарилиб, Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади.

 

Келаси йилда давлат хизматларини рақамлаштиришни 70 фоизга, IT хизматлари миқдорини 100 трлн сўмга етказиш режалаштирилган. Электрон ҳукумат ривожланиш индексида камида 55-ўринга кўтарилиш мақсад қилинган. Бу кўрсаткичларга эришиш учун қатор ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган.

 

Давлат раҳбари энди кейинги “Рақамли ҳукумат” босқичига ўтиш вақти келганини таъкидлади. Буни, энг аввало, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган таълим, тиббиёт, қурилиш ва коммунал соҳалардан бошлаш кераклиги айтилди.

 

Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қабул қилинган эди. Бу соҳада инфратузилмани яхшилашга 50 млн доллар ажратилди. Сунъий интеллект миллий моделини яратиб, 1 млн нафар мутахассис тайёрлаш вазифаси белгиланган.

 

Соҳадаги хизматлар ҳажми ва экспортини ошириш ҳам муҳим вазифалардан бири бўлиб, ҳозирда бу борадаги кўрсаткичларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келяпти.

 

Ўзбекистондаги шароит ва имтиёзлар натижасида бошқа релокантлар ҳам юртимизга келишдан манфаат кўряпти. Шу боис ҳар бир ҳудудда жозибадор муҳит яратиб, чет эл компанияларини жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//