Тошкентда тирбандликлар прогноз қилинадиган марказ ишга туширилди

Сақлаш
16:21 / 27.06.2025 6 0

Тошкент кўчаларида ҳаракат хавфсизлигини рақамлаштириш, замонавий технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва шаҳарда тирбандликларни барвақт прогноз қилишга қаратилган Компютерлаштирилган вазиятлар маркази яратилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

 

Маълум қилинишича, марказга татбиқ этилган интеллектуал транспорт платформаси автотранспорт оқимини кузатиш, таҳлил қилиш ва интеллектуал бошқаришга имконият яратиб беради.

 

Натижада, шаҳарда тирбандлик 50 фоизгача камайишига, автомобиль йўловчиларининг вақтини тежаш, йўллардаги бахтсиз ҳодисалар сони камайиши, фавқулодда хизматлар ҳаракатини тезлаштириш ҳамда қарор қабул қилишда аниқ статистика орқали самарадорликни оширишга хизмат қилади.

 

Тадбир жараёнида Тошкент шаҳар ҳокими томонидан йўл-патруль хизматига 20 дона, патруль пост хизмати учун махсус жиҳозланган 20 дона Cobalt русумли янги хизмат автомобиллари топширилди. Ушбу автомобиллар ишлаб чиқарувчи томонидан махсус воситалар билан жиҳозланган бўлиб, уларга ўрнатилган камералар вазиятлар марказига интеграция қилинган.

 

Ушбу автомашиналарда ўрнатилган замонавий камералар қидирувдаги шахслар, олиб қочилган транспорт воситалари, жамоат хавфсизлигига таҳдид қолувчи ҳолатлар ҳақида марказга хабар юбориш имконияти мавжуд. Марказ эса бир вақтнинг ўзида барча хизмат автомобилларидаги камераларни масофадан туриб бошқариши мумкин.

 

Шавкат Мирзиёев 16-июндаги видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳрида транспорт ҳаракатини сунъий интеллект асосида тартибга солиш бўйича тақдимот қилинганига ҳам анча вақт бўлгани, лекин натижа йўқлигини айтганди.

 

Вазирлик хабарида қайд этилишича, 2025-йилнинг ўтган даври мобайнида пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан 356 та гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни сақлаш, ташиш ва истеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар аниқланган, 70 нафар қидирувдаги шахслар қўлга олинган ҳамда 100 дан ортиқ қидирувдаги транспорт воситалари ушланган.

 

Пойтахт йўлларида кундалик 1 миллиондан ортиқ автотранспорт воситаларининг тартибли ва хавфсиз ҳаракатланиши, инспекторлар томонидан 2 миллион 974 мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқланиб қонуний чоралар кўрилиши таъминланди.

 

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида, бугунги кунга келиб Тошкент шаҳрида умумий йўл транспорт ҳодисалари сони 4,1 фоизга, ўлим билан боғлиғи 6,9 фоизга, тезликни ошириш оқибатида содир бўлганлари 66,7 фоизга, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оқибатидаги ҳалокатлар 16,7 фоизга, шунингдек, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони 8 фоизга камайишига эришилди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//