Ўзбекистонда алимент тўловларининг энг кам миқдорини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди

Сақлаш
13:29 / 27.06.2025 5 0

Сенатнинг 26-июндаги ялпи мажлисида вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

 

Муҳокама давомида алимент ундириш ва тўлаш жараёнида айрим муаммо ва камчиликлар санаб ўтилди. Жумладан, алиментнинг энг кам миқдори минимал истеъмол харажатларидан икки баравар камлиги қай этилди.

 

Оила кодексининг 99-моддасига кўра, ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги белгиланган. Бугунги кунда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 миллион 155 минг сўм эканлигини инобатга олинса, ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори 306 минг сўмни ташкил этмоқда.

 

“Ўзбекистонда 2025 йилнинг январидан бошлаб минимал истеъмол харажатлари 669 минг сўмни ташкил этишидан келиб чиқилса, алиментнинг энг кам миқдори минимал истеъмол харажатларидан икки баравар кам бўлмоқда. Шуни инобатга олиб алиментнинг энг кам миқдорини боланинг ёшини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва боланинг ихтиёри учун етарли бўлиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ бўларди”, деди Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Мўйдинова.

 

Конституцияда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгиланган бўлса-да, айрим ота-оналар ушбу мажбуриятига масъулият билан ёндашмаётганига эътибор қаратилди.

 

2023 йилда 5 697 киши, 2024 йилда эса бу кўрсаткич 35 фоизга ортиб, 8 833 киши моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган ҳамда ўтган йилнинг ўзида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 1 109 та айблов ҳукми чиқарилган.

 

Муҳокама давомида иш жойи бўлмаган ва даромади аниқланмаган қарздорлардан алиментни ундириш борасидаги айрим муаммоларга ҳам қайд этиб ўтилди.

 

Болаларга алимент ундириш ва оилани таъминлашнинг бошқа шаклларининг халқаро тартиби тўғрисидаги Гаага Конвенциясига қўшилиш, “Алимент тўловлари” жамғармасини шакллантириш манбаларини кенгайтириш ва алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизимини Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ғазначилиги электрон тизими билан интеграция қилиш вазифалари ижроси кечикаётгани танқид қилинди.

 

“Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 1 723 нафар ундирувчига 40,6 миллиард сўм тўлаб берилган бўлса-да, ушбу маблағларнинг атиги 2 фоизи, яъни 849,2 миллион сўми жамғармага қайтарилгани мазкур йўналишда ҳам таъсирчан чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди.

 

Бундан ташқари, Оила кодексининг 107-моддасига асосан вояга етмаган бола суд қарори билан ота-онасидан олиниб, болалар тарбия муассасасига жойлаштирилган бўлса,  ота ва онанинг ҳар биридан мазкур бола фойдасига белгиланган миқдорларда алиментлар ундирилади. Бунда ундирилган алиментлар мазкур бола номига очилган банк ҳисобварағида жамланади ва у вояга етганда тўланади.

 

Бироқ вояга етмаган болалар номига банк ҳисобварағи очишнинг ҳуқуқий асослари белгиланмагани учун бугунги кунга қадар алиментлар бошқа ҳисобварақларга тўлаб борилган.

 

Муҳокама якунида юқорида тилга олинган масалаларни ўз ичига олган парламент сўровини Вазирлар Маҳкамасига юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//