
Сиёсат
Ўзбекистон сенаторлари ядровий фалокат юз берган тақдирда Ўзбекистон халқига товон тўланишини таъминлаш кўзда тутилган Вена конвенциясига қўшилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади.
26 июнь куни Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида “Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига (Вена, 1963-йил 21-май) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонуни маъқулланиб, президентга имзолаш учун юборилди. Қонунчилик палатаси қонунни 27-май куни қабул қилганди.
Ялпи мажлисда марузачи сенатор Жамила Бобаназарова 1963-йил 21-майда қабул қилинган Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясини атом энергияси халқаро агентлиги ҳомийлигида ишлаб чиқилган асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланишини эслатди.
Мазкур Конвенция муқаддима ва 29 та моддадан иборат бўлиб, 1963-йил 21-май куни қабул қилинган. Ҳозирги вақтда Конвенцияга 47 та давлат, шу жумладан, Қозоғистон, Россия, Беларус, Украина, Арманистон ва бошқа давлатлар аъзо ҳисобланади.
Вена конвенциясининг мақсади — ядровий қурилма оператори томонидан бошқариладиган иншоотларда содир бўлган ҳодисалар натижасида юзага келган ядро зарари учун операторнинг жавобгарлигини, шунингдек, ядро зараридан молиявий ҳимояни таъминлаш учун минимал талабларни белгилашдан иборат.
Конвенцияга мувофиқ операторнинг ядровий зарар учун мутлақ жавобгарлиги белгиланган. Агар зарар қуролли можаро, фуқаровий уруш, исён ёки фавқулодда табиий офатлар натижасида юзага келган бўлса, ёхуд ядровий иншоотнинг ўзига ёки операторга тегишли мулкка зарар етказилган бўлса, оператор жавобгарликдан озод этилади.
Конвенция ядро қурилмаси операторининг фуқаролик жавобгарлигининг минимал чегарасини 5 миллион АҚШ доллари миқдорида белгилайди. Бунда доллар тушунчаси 1963 йил 29 апрелдаги расмий олтин паритети бўйича белгиланган қийматни англатади, яъни бир трой унция соф олтин 35 АҚШ долларига тенг бўлган.
Шу билан бирга, Конвенция иштирокчиси бўлган давлат миллий қонунчилигида ядро қурилмаси операторининг фуқаролик жавобгарлиги чегарасини белгилаб қўйиши шарт. Бунинг учун у молиявий жавобгарликнинг аниқ миқдорини ва уни таъминлаш тартибини белгиловчи тегишли ички меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиши лозим.
Маълумот учун, 1963 йилдаги олтин паритети асосида белгиланган 5 миллион АҚШ доллари бугунги кунда тахминан 480 миллион АҚШ долларига тенг бўлмоқда.
Таъкидланишича, даъволарни топшириш муддати ядровий ҳодиса юз берган пайтдан бошлаб 10 йил билан чекланади. Бундан ташқари, Конвенция ядровий ҳодиса содир бўлган давлат ҳудудидаги миллий судларнинг юрисдикциясини зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволарни кўриб чиқишда ягона ваколатли орган сифатида тан олади.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги:
– давлатларнинг ядровий зарар учун глобал фуқаролик жавобгарлиги тизимида иштирок этиши;
– компенсация беришнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари жорий этилиши;
– миллий қонунчиликнинг халқаро мажбуриятлар билан мувофиқлаштирилишини таъкидлайди.
Конвенцияга қўшилгандан сўнг, эксплуатация қилувчи ташкилотнинг ядровий зарар етказганлик учун учинчи шахслар олдидаги фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлигининг ўзига хос хусусиятларини, уни молиявий таъминлаш механизмини, ядровий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича суд ишларини юритишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилайдиган, шунингдек, радиациявий таъсирдан зарар кўрган жисмоний ва юридик шахсларнинг, бундан ташқари атроф табиий муҳит объектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг молиявий кафолатларини таъминлашга қаратилган “Ядровий зарар етказилганлик учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик ва унинг молиявий таъминоти тўғрисида”ги алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш талаб қилади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Вена конвенциясига қўшилганидан сўнг, ядро хавфсизлиги соҳасидаги халқаро шартномаларга, хусусан:
– “Ядро авариялари ёки радиациявий авария ҳолатларида ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Конвенция” (Вена, 1986-йил 26-сентабр);
– “Ядровий авария ҳақида тезкор хабар бериш тўғрисидаги Конвенция” (Вена, 1986-йил 26-сентабр);
– “Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги Конвенция”га (Вена, 1994-йил 17-июнь) қўшилиши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан жорий йилда:
– “Кимёвий хавфсизлик тўғрисида”ги;
– “Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги;
– “Радиоактив чиқиндилар билан муомала қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
“Ўзбекистоннинг Вена конвенциясига қўшилиши авваламбор, Атом энергияси халқаро агентлиги билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга ва унинг дастурлари доирасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ишларини жадаллаштиради”, — дея маърузани якунлади Жамила Бобаназарова.
Муҳокама вақтида сенатор Дилбар Сувонова Ўзбекистон ушбу конвенцияга қўшилгандан сўнг қандай ҳуқуқий мажбуриятлар олиши ҳақида савол берди. Саволга “Ўзатом” раҳбари Азим Ахмедхаджаев жавоб берди.
“Ўзбекистон Вена конвенциясига қўшилиш орқали, биринчидан, ядровий объектларидаги авариялар учун операторларнинг фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлигини кафолатлайди. Иккинчидан, жабрланган шахсларга компенсация тўланиши таъминланади. Кейинги, зарарни қоплаш учун суғурта, давлат кафолати ёки махсус жамғарма механизмлари жорий этилади ва халқаро ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олади ва инвесторлар ҳамда фуқаролар учун ҳуқуқий кафолатларни кучайтиради”, — дея жавоб берди Ахмедхаджаев.
Сенатор Маҳмуджон Тоиров юзага келиши мумкин бўлган техноген ҳодисалар натижасида аҳоли ва атроф-муҳитга етказилган зарарларни баҳолаш, компенсация тўлаш, халқаро ҳуқуқий ва фуқаролик жавобгарлигини таъминлаш юзасидан қандай халқаро стандартлар ҳамда ҳуқуқий ёки институционал механизмларни жорий этиш режалаштирилаётгани билан қизиқди.
“Техноген ҳодисаларда ва табиатга етказилган зарарни баҳолаш ва компенсация бериш учун, биринчидан, Вена конвенцияси ва МАГАТЕ стандартлари асосида суғурта, махсус жамғарма, давлат кафолати каби механизмлар жорий этилади. Кейин суд ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали даъволарни ҳал қилиш тизимлари яратилади. Ва учинчидан, жаҳон амалиётини биз ўрганиб чиқдик. Беларус, Қозоғистон, Россия тажрибаларини ўрганиб чиққанимизда, демак, жаҳон амалиёти асосида фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш тартиби ҳам жорий қилинади”, — дея жавоб қайтарди “Ўзатом” раҳбари.
Сенатор Абдусаид Кўчимов “Ўзатом” раҳбарига навбатдаги саволни берар экан, мамлакатда ядро хавфсизлигини таъминлаш, аварияларнинг олдини олиш ва халқаро хавфсизлик нормаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича қандай аниқ чоралар кўрилаётгани ва қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилаётгани ҳақида қизиқди.
“Мамлакатимизда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ядро хавфсизлигини назорат қилувчи ваколатли орган ҳисобланади. Демак, қўмита томонидан МАГАТЕ стандартлари асосида норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда ва 2025−2026 йилларда 25 та ҳужжат қабул қилиниши режалаштирилган. Ўша ҳужжатларнинг ичида бир қатор чора-тадбирлар ҳам ўз инобатига олинган. Демак, чора-тадбирлар қаторида ядровий қурилмалар хавфсизлигини таъминлаш бор. Кейин радиация мониторинги, аварияларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини камайтириш бўйича чора-тадбирлар режалаштирилган. Ҳамда техноген ҳодисаларни таҳлил қилиш киритилган”, — деди Азим Ахмедхаджаев.
Сенат раиси Танзила Нарбаева Азим Ахмедхаджаевга яна қайси ташкилотлар “Ўзатом” билан биргаликда ишлаши кераклиги ҳақида савол берди.
“Бу ерда бир қатор давлат ташкилотлари билан биз ишимизни ташкиллаштиришимиз керак бўлади. Бу нафақат Атом энергетикаси агентлиги ва мен айтган қўмита, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси билан биргаликда, ҳамда бу ерда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳам ишлаши керак, ФВВ ва бошқа муҳофаза қилувчи органлар билан ишлашимиз керак бўлади”, — дея жавоб берди агентлик раҳбари.
“Лекин умумий олганда, асосий биз стандартларни кўришимиз учун, биз бу ерда МАГАТЕ билан ишлашимиз керак бўлади ва алоҳида-алоҳида ишчи гуруҳлар тузилади улар билан. Биз мана МАГАТЕ билан алоҳида йўл харитасини қилдик. Ўшанга яқин орада қўл қўямиз. Ўша йўл харитаси ўз ичига, демак, тегишли масъул ташкилотларни белгилаган ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга ҳам бу ерда кўрсатиб кетилган”, — деб сўзини якунлади Ахмедхаджаев.
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ