
Сиёсат
Шавкат Мирзиёев 27-июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига табрик йўллади. Табрик матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
“Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган матбуотида, телерадиоканаллар, интернет нашрлари, нашриёт ва матбаа корхоналарида, ахборот хизматлари ва платформаларида ўз бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, ҳурматли журналистлар, муҳтарам фахрийларни, барча ижодий ва техник ходимларни бугунги касб байрамингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман” — дейилади табрик аввалида.
Давлат раҳбари глобал ижтимоий-сиёсий жараёнлар беқиёс шиддат билан ўзгараётган ҳозирги ўта мураккаб ва нотинч дунёда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсири ҳар қачонгидан ҳам кучли аҳамият касб этаётганини қайд этди.
“Шу маънода, бепоён медиаоламда холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш билан бирга, миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қиладиган журналист аҳлининг машаққатли меҳнатини муқаддас сарҳадларимизда сергак турган Ватан посбонларининг жасоратига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади”, — дейилади табрикда.
“Ушбу қутлуғ айёмда мамлакатимизда амалга оширилаётган тарихий ишларга ўз истеъдоди, профессионал маҳорати билан муносиб ҳисса қўшиб келаётган оммавий ахборот воситаларининг барча ходимларига халқимиз номидан юксак ҳурмат ва эзгу тилаклар изҳор этиш мен учун катта шарафдир”, — дея таъкидлаган давлат раҳбари.
“Атоқли жадид бобомиз Ҳожи Муин айтганидек, „Матбуот тарихи — Уйғониш даври тарихининг бир бўлагидир“. Биз кейинги йилларда, улуғ аждодларимиз бошлаб берган ибратли анъаналарни давом эттириб, демократик жамиятнинг муҳим шарти ва тамойили бўлган оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантиришга устувор эътибор қаратмоқдамиз”, — дея қайд этган президент.
Таъкидланишича, шундай ёндашув туфайли медиа маконимизга илғор лойиҳа ва технологиялар, янгича мулкий муносабатлар кириб келмоқда. Республикада фаолият кўрсатаётган 2 минг 400 га яқин оммавий ахборот воситаларининг 65 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келаётгани, хусусий нашрлар, телерадиоканаллар, интернет ресурслари тобора ортиб, улардан фойдаланувчилар сони 14,7 миллиондан 32,7 миллионга етгани, ахборот контентларини яратувчилар сафи кенгайиб бораётгани, шубҳасиз, мамлакатнинг медиа соҳасидаги салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
“Ўзгаришларнинг давоми сифатида яқинда Болалар контентини ривожлантириш марказини ташкил этдик. Ушбу марказ ёш авлодимизни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни эзгулик ва маърифатга ошно этиш бўйича амалий ҳаракатларни бошлаб юборгани албатта эътиборлидир. Бу ҳақда гапирганда, онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганини ҳам қайд этиш лозим”, — дея қайд этган президент.
Президент ҳозирги вақтда сунъий интеллект технологияларининг шиддат билан ривожланаётгани журналистика учун катта имкониятлар очиш билан бирга, бу борадаги ишларни замон талабларига мос ҳолда йўлга қўйишни талаб этаётганини қайд этди.
“Айни вақтда оммавий ахборот воситаларида холислик ва қонун устуворлигини таъминлаш, профессионал билим ва маҳоратни ошириб бориш, ахборот тарқатишнинг замонавий усулларини ўзлаштириш, аҳоли ўртасида ахборот, баҳс ва мулоқот маданиятини шакллаштириш, жамиятимиздаги турли иллатлар, коррупция балосига қарши курашиш каби долзарб вазифалар бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур”, — дейди давлат раҳбари табрикда.
Давлат раҳбари у йил “Олтин қалам” миллий мукофоти биринчи марта 27 июнда — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида топширилаётганини қайд этди.
“Фурсатдан фойдаланиб, бугун сизларнинг иштирокингизда тантанали равишда тақдирланадиган барча танлов ғолибларини ва юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган соҳа ходимларини чин қалбимдан самимий табриклайман. Сизларнинг ҳар бирингиз келгусида ўз тажриба ва маҳорат мактабингизни яратиб, миллий журналистикамиз равнақига янада катта ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман”, — дейилади табрикда.
“Ҳеч шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари ходимларининг машаққатли меҳнатини қадрлаш, ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бундан буён ҳам Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади”, — дея якунланган табрик.
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ