
Маданият
Италиянинг машҳур La Scala опера ва балет театрида 2025-2027 йиллар давомида фаолият юритиш ҳамда Европанинг машҳур театрларида тажриба алмашиш юзасидан ўзбекистонлик таниқли опера хонандаси Ақлбек Пиязов билан шартнома имзоланди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар қилди.
Хабарда айтилишича, бу жараён ўзбекистонлик опера хонандалари орасида илк маротаба кузатилган.
«Ҳар 2 йилда бир маротаба Миланнинг La Scala театри дунёдаги истеъдодларни саралайди ва 2 йиллик шартнома асосида ишга қабул қилади, мен ушбу танловда қатнашиш учун 6 йил тайёргарлик кўрдим, ҳозир жуда ҳаяжондаман, мени танлашганидан жудаям хурсандман» – дейди таниқли опера хонандаси Ақлбек Пиязов.
Маълумот ўрнида, саралаш жараёнида бутун дунёдан 800 нафар опера хонандалари ҳужжат топширишган бўлиб, шундан сўнгги саралаш босқичида Ўзбекистон, Латвия, Қозоғистон, Италия, Жанубий Корея, Япония, Чили, Хитой давлатларидан жами 12 нафар опера хонандалари танлаб олинди. Ўзбекистон вакили бўлмиш Ақлбек Пиязов ҳам ушбу саралаш босқичидан ўтди ва у билан 2 йиллик шартнома тузилди.
«Қувонарлиси шуки, энди ўзбекистонлик операчиларга қизиқиш ортади ва бизни истеъдодлар билан ишлаш учун шартнома тузишга бўлган талаб ва таклифлар бўлади. Бу нима дегани биласизми? Ўзбекистон опера санъати жаҳон аренасидан янграй бошлайди. Тасаввур қилишингиз учун сизга мисол келтираман, бизнинг машҳур футболчиларимиз Элдор Шомуродов ва Абдуқодир Ҳусановларни дунёдаги энг рейтинги юқори клублар ишга таклиф қилиб, маълум муддатга шартнома қилишган. Ақлбек Пиязов билан ҳам худди шундай шартнома тузилган, фақат бу спорт йўналишида эмас, балки маданият йўналишида. Бу жуда катта натижа, ҳатто мен ҳам Миланнинг La Scala опера ва балет театрида малака оширишни орзу қилганман» – дейди Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов.
La Scala – Миландаги опера театри, жаҳон опера санъатининг йирик марказларидан биридир. Ушбу театр жойлашган бино «Санта Мария делла Скала» черкови ўрнида 1776—1778 йиллари қурилган.
Сиёсат
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ