Жамият
Ватан! Унга таъриф, меҳр ҳар бир юракда бўлакча. Кимдир уни ошкор, кимдир пинҳон севади. Ватан қадрини мусофир инсончалик ҳеч ким англамаса керак. Не-не буюк зотлар, Бобуру, Фурқатлар тақдири тарихнинг бунга ёрқин мисоллари. Сиз-у биз яшаётган замонда ҳам мусофирликни ўзи ёки яқинининг қисматида ҳис этган юртдошларимизнинг Ватан ҳақидаги юрак тубидан чиққан энг самимий фикрларига қулоқ тутдик. Уларнинг мўъжаз ҳикояларида орамиздаги кичик, оддий инсонларнинг Ватанга бўлган КАТТА ва САМИМИЙ муҳаббатлари акс этган. «Oyina.uz» Ватан ҳақида икки юртдошимизнинг таъсирли ва самимий ҳикояларини тақдим этади.
«Ойи, телефонга яқинроқ ўтиринг, кўзларингизни яқиндан кўргим келяпти»
Гулнора Нишонова – доцент, корпоратив ва медиакоммуникациялар соҳаси бўйича мутахассис:
«Ватанимни севаман» деб очиқча, ҳиссиз айтилган гапларга унчалик ишонмайман. Негадир тўғридан тўғри, дангал айтилган бу иборада сохталик бордек...
Том маънода севишини ҳис қилган одам бу туйғуни бошқача ифодалайди, ёки кўрсатади. Эсимда, тўнғич ўғлим Тошкент Халқаро Вестминстер университетида ўқиб юрган кезлари бироз «ғарбпараст» бўлиб қолганди, кийиниш услуби, поп, рок мусиқаларига қизиқиши ортиб, ҳатто «Work and travel» дастури билан АҚШга кетаётганида мен сумкасига солмоқчи бўлган озроқ майиз, ёнғоқ, туршак ва нонни олиб кетишдан бош тортиб сафарга ошиққанини эслайман. Тўрт ой мусофирчилик уни буткул ўзгартирди. Сафарини якунлаш арафасидаги онлайн суҳбатимизда уни танимай қолдим. «Ойи, телефонга яқинроқ ўтиринг, кўзларингизни яқиндан кўргим келяпти, сизларни жуда соғиндим, нон ва ёнғоқларингизни олиб кетмаганимга минг пушаймонман» деди. Хонасининг бурчагида кичкина байроқ – Ўзбекистон байроғи илинган эди. Мен тарбиялаб сингдира олмаган Ватан туйғусини, мусофирчилик, соғинч тарбиялаганига ҳайрон қолдим. Бу туйғу мана шундай ифодаланса керак.
Болам бир неча йилдан сўнг магистратурада ўқишга яна Америкага йўл олди. Тақдир тақозоси билан ўша ерда ўзбек қизига уйланди. Бир йил ўтиб ўғил набирали бўлдик. Халқимизнинг чиройли удумлари бор: азон айтиш, чиройли исм қўйиш, суннат қилиш, бешикка ётқизиш... Ҳамма удумлар рисоладек бўлди, навбат бешикка келди. Америкада бешик қаёқда дейсиз? Топилса ҳам жуда қиммат. Бу борада «Ўзбекистонда болалар бешикда ётишмаяптию, нима кераги бор ортиқча нарсани?» дейдиганлар ҳам топилди. Йўқ, менинг неварамнинг ҳам ўз бешиги бўлиши керак, ҳамма ўзбек болалари каби бешикда ётиб катта бўлиши керак. Шундай ўйлар билан Чорсу бозорига тушиб набирамга дўппича, яхтакча ва бешик олдим. Бешикни қисмларига ажратиб ихчам тарзда қадоқлатдим. Оллоҳ ниятга қараб бераркан, уни Америкага олиб кетадиган саховатли одам ҳам чиқди. Уч кун ичида набирамга бешик етиб борди. Болажоним бешик торлик қилгунча унда ётди, ватанда бўлмаса ҳам, ватандан эсдалик бешик уни бағрида катта қилди. Шуни ният қиламанки, у ватанини севадиган йигит бўлиб вояга етади. Чунки у бешикда ётган...
«Аллоҳ, Данке!»
Маърифат Нур – журналист:
Ватан мен учун бугунга келиб жуда муҳим изоҳлар билан тасвирланади... Германияда яшаётганимнинг биринчи йилида у бор йўғи соғинч эди. Ҳа, ўша мурут дарахти тагидаги супада ўтириб, менга ҳафтада 1-2 марта қўнғироқ қилувчи, антенна излаб, ҳовлининг у бошидан бу бошига югурувчи кексагина ота-онамнинг, юртимнинг соғинчи...
Кейин эса, хорижда фарзандларим дунёга келди. Илк қадамчалар, илк сўз... Биз уйда ўзбек тилида гаплашсакда, фарзандларим боғчадан немис тилини ўрганиб келади. Икки ёшли Билолга таом еб бўлгач омин қилиш учун, тили келишсин деб энг қисқа дуони ўргатдим. Қўлчаларини очиб «Аллоҳга раҳмат» дея бошлади. Аммо бир-неча кундан сўнг у «Аллоҳ, данке! (раҳмат)” деди. Икки тилни аралаштирмай гапиришини қанча тайинламай, у «йўқ» дея хархаша қиларди. Мана шундан сўнг мен учун «Ватан» сўзи «хавотир» деган сўз билан ёндош бўлиб қолди. Ўзбек фарзандини «йўқотиб қўйиш» хавотири...Бир кун келиб, на ўзбек, на немисга ўхшатиб бўлмайдиган, миллати йўқ инсонларни ўстириб қўймасмиканман деган фожиавий хавотир мени огоҳликка чорлаб яшамоқда.
Ижтимоий тармоқлар, интернет саҳифалар орқали Ватанимиздаги ислоҳотлар, кескин ривожланиш жараёнларини кузатиб бораман. Охирги йилларда халқимизда сўз эркинлиги, дин, эътиқод эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқлар кафолати анча юқори даражада ижобий томонга ўзгарган. Ўзбекистонга бориб, халқимизга дастурхон ёзиб, фарзандларимизнинг суннат тўйларини ўтказиб келдик. Қариндош, танишларимизнинг кўпчилиги ҳаёт-тарзи яхши томонга ўзгарганига гувоҳ бўлдим. Оддий ишчи ҳам сиёсий воқеалар борасида фикрлай оладиган, ижтимоий жараёнларга муносабат билдира оладиган бўлиб қолибди. Бу ҳолат бизни қувонтирди албатта. Аммо ҳар икки хонадондан бирида ота ёки онанинг чет давлатларга ёлланма ишчи бўлиб кетаётгани, эвазига келажак эгалари бўлган фарзандлар тарбиячисиз қолаётгани, оилалар тотувлигига путур етаётгани, ишсизлик муаммолари, кадрлар масаласи ҳали-ҳануз ечимсиз қолаётгани бир ватандош сифатида менинг ҳам дилимни хира қилиб туради.
Илм истаб хориж мамлакатларига чамадонини йиғиб кетаётган минглаб ўзбек ёшлари ҳақида гап кетса, қувонишни ҳам, ранжишни ҳам билмай қоламан. Гўё биз чет элларга «ақл экспорт» қилаётганга ўхшаймиз назаримда. Грантлар, имтиҳонлар асосида энг сара ёшларнинг «positive» сабаб билан ватанни тарк этаётгани ва уларнинг қанча фоизи қайтиб келиш эҳтимоли ҳақидаги ҳаёллар мени ташвишлантиради.
Яхши ниятларни умид қилган ҳолда, аста-секин равнақ пиллапояларини забт этаётган Ватанимда янги-янги Берунийлар, Ибн Синолар етишиб чиқиб, «Маъмун академия»ларини қайта тиклаб, шонли тарихимизни келажакда ҳам янгидан яратишларига умид қиламан.
Инобат АҲАТОВА тайёрлади
Сиёсат
Маданият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ