«Энг намунали яшил туризм объекти» танлови ўтказилади

Сақлаш
11:58 / 26.06.2025 6 0

 

Ўзбекистонда 2025 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойида «Энг намунали яшил туризм объекти» танлови ўтказилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 24 июндаги қарорида белгиланган.

 

«Туризм объектлари ҳамда жойлаштириш воситаларида атроф-муҳитга салбий таъсири камайтирилган маҳсулотлардан фойдаланиш ва экологик талабларга мувофиқ кўрсатиладиган хизматларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, танловни ўтказишнинг асосий мақсадлари:

 

— экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда уни чиқиндилар билан ифлослантиришининг олдини олиш;

 

— туризм объектларида пластик маҳсулотлардан фойдаланишни ҳамда пластик чиқиндиларни камайтириш;

 

— туризм объектларида бир марталик пластиклардан экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) маҳсулотларга ўтиш ва улардан фойдаланишни рағбатлантириш;

 

— экологик талаблар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги экологик мезонларга риоя этилишига эришиш;

 

— туризм объектларида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган инновацион ечимлар ҳамда иқтиқболли ташаббуслани қўллаб-қувватлаш.

 

Танлов туризм объектлатида бир марталик пластик маҳсулотлардан фойдаланишда экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) маҳсулотларга ўтиш борасида яхши натижаларга эришган, шунингдек, соҳага оид илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиб, замонавий технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда ўз фаолиятида чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилади.

 

Танлов ҳудудий саралаш ва республика якуний босқичларидан иборат бўлади. Ғолиблар махсус комиссия томонидан аниқланади. Ҳудудий комиссиялар таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосарлари томонидан, республика комиссияси таркиби эса экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири томонидан тасдиқланади.

 

Танловнинг республика якуний босқичи ғолиблари бир йўла тўланадиган қуйидаги миқдордаги пул мукофоти билан тақдирланади:

 

1-ўрин — БҲМнинг 150 баравари (1 августдан 61,8 миллион сўм);

 

2-ўрин — БҲМнинг 100 баравари (41,2 миллион сўм);

 

3-ўрин — БҲМнинг 50 баравари (20,6 миллион сўм).

 

Совриндорларни тақдирлаш, пул мукофоти, танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

 

Танлов «Ўзбекистон–2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги президент фармонига мувофиқ соҳада экологик талаблар асосида кўрсатиладиган хизматларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//