
Жамият
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан акциялар ва чегирмаларни ўтказиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Чакана савдо қоидаларига ўзгартиришлар киритиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.
Лойиҳанинг мақсади акциялар ва чегирмаларни ташкил этиш ва ўтказишда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашдан иборат.
Спиртли ичимликлар, пиво, вино, тамаки маҳсулотлари ва никотин истеъмоли учун сотувчиларга чегирмалардан фойдаланиш, шунингдек, ушбу маҳсулотларни оммалаштириш учун акциялар ўтказиш тақиқланиши режалаштирилмоқда.
Бошқа товарлардаги акциялар ва чегирмаларга эса янги қоидалар жорий этиш таклиф этилмоқда – чегирма олдидан нарх охирги 30 кун ичида амал қилган энг паст даражасида бўлиши керак. Нархларни сунъий равишда аввал ошириб, кейин тушириш орқали чегирма бор деган ёлғон таассурот уйғотадиган амалиётни тақиқлаш режалаштирилмоқда.
Лойиҳада, шунингдек, режалаштирилган акциялар, чегирмалар ва қўшимча тўловлар тўғрисидаги маълумотлар солиқ органларига тадбир бошланишидан 10 кун олдин тақдим этилишини белгилаш таклиф этилади.
Бундан ташқари, лойиҳага кўра, сотувчи товарлар ва нархларнинг ҳисобини юритиши, охирги 30 кун давомида амалда бўлган нархларни қайд этиши ва истеъмолчининг илтимосига биноан ушбу маълумотларни тақдим этиши шарт. Агар чегирма тақдим этиш истеъмолчидан шахсий маълумотларни узатиш ёки рўйхатдан ўтишни талаб қилса, сотувчи шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиши ва ушбу маълумотларни қайта ишлашнинг мақсадлари ва шартлари тўғрисида хабардор қилиши шарт.
Лойиҳа, шунингдек, акция ўтказишда сотувчи қуйидагиларга мажбур бўлишини таклиф қилади:
— истеъмолчиларга акция шартларини, шу жумладан, амал қилиш муддатини, харид қилиш шартларини, маҳсулот номларини ва бошқа муҳим маълумотларни аниқ ва тушунарли тарзда етказиш;
— акция эълон қилинганидан кейин унинг шартларини ўзгартирмаслик ва нархлар тўғрисида ишончли маълумотларни тақдим этиш;
— чегирмалар, бонуслар ва бошқа имтиёзларнинг амалда қўлланишини таъминлаш;
— акция давомида етарли миқдорда товарлар захирасини сақлаш.
Товар нархига чегирма қўллашда сотувчи қуйидагиларга мажбур бўлади:
— чегирма ҳажмини фоиз ёки миқдор сифатида аниқ кўрсатиш;
— истеъмолчининг сўровига кўра чегирмага қадар нарх тўғрисида маълумот бериш;
— чегирма маҳсулотнинг чекланган миқдорига тааллуқли бўлса ёки мавсумий омиллар билан боғлиқ бўлса, истеъмолчиларни хабардор қилиш;
— чегирманинг амал қилиш муддати ва уни қўллашнинг махсус шартларини аниқ кўрсатиш.
Лойиҳада мазкур қоидаларни бузиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши назарда тутилган.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ