Ўзбекистон ва Мўғулистон қандай келишувларга эришди?

Сақлаш
09:40 / 25.06.2025 9 0

Мўғулистон Давлат саройида Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурелсухнинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

 

Унда Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Қўшма корхоналар сони кўпаймоқда, соғлиқни сақлаш, таълим, электрон савдо, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида илк кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бошланди.

 

Имтиёзли савдо ва инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни қабул қилишни тезлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

 

Давлат раҳбари иқтисодиётнинг муайян тармоқларида саноат кооперациясини чуқурлаштириш муҳимлигини қайд этди.

 

Ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишлари устувор этиб белгилаб олинди. Бу тоғ-конь соҳасидаги шериклик, жумладан, геология-қидирув дастурини ишлаб чиқиш, хомашё ресурслари конларини ўзлаштириш, технологиялар трансфери, тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидир.

 

Соҳадаги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон геология вазирлигининг ваколатхонаси очилгани қайд этилди. Қўшма кластерлар ташкил этиш, гўшт-сут, жун ва чарм маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳаларини илгари суриш асосида қишлоқ хўжалигида комплекс ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдорлик билдирилди.

 

Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва янги логистика йўналишларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Йил якунигача пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

 

Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун халқаро таҳлил институти билан биргаликда энг қисқа ва самарали транспорт йўлакларини аниқлаш бўйича амалий тадқиқотлар ўтказиш таклифи билдирилди.

 

Фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ажратилаётган квоталар доирасида мўғул ёшларининг Ўзбекистондаги ОТМларда таълим олишини қайта тиклашга келишиб олинди.

 

Эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича “йўл харитаси"ни қабул қилишга келишилди. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурелсух Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилдилар.

 

Шунингдек, президентлар ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

 

     – ўсимликлар карантини ва ҳимояси, олий таълим, тоғ-конь саноати, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар;

     – икки мамлакат архив идоралари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

     – Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан Мўғулистон Иқтисодиёт ва тараққиёт вазирлиги ўртасида, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026−2027 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Маданият вазирлиги билан Мўғулистон Маданият, спорт, туризм ва ёшлар вазирлиги ўртасида 2025−2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурлари;

     – Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Мўғулистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазирлиги ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик режаси;

     – Ўзбекистон Экология вазирлиги билан Мўғулистон Маданият, спорт, туризм ва ёшлар вазирлиги ўртасида экотуризм соҳасидаги ҳаракатлар режаси.

 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсух ўтказилган музокаралар натижаларига доир фикрларини баён қилди.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//