Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун Марказий Осиёдаги энг жозибадор манзил бўлиб қолмоқда

Сақлаш
09:40 / 24.06.2025 6 0

Испаниянинг "El Mundo Financiero" онлайн нашри "Ўзбекистоннинг "Олтин виза" дастури хорижий инвесторларни рағбатлантириш йўлидаги навбатдаги қадам" сарлавҳали мақола эълон қилди. Унда қайд этилишича, Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун Марказий Осиёдаги энг жозибадор манзил бўлиб қолмоқда.

 

Дунё ахборот агентлиги хабар беришича, мақолада шундай дейилади:

 

"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18 апрель куни қабул қилинган "Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида "Олтин виза" бериш ҳақида сўз борган. Бу масала фармоннинг 26-бандида ўз ифодасини топган".

 

Ҳужжатга кўра, инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида жорий йил 1 июндан бошлаб хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 250 минг АҚШ доллари ҳамда уларнинг ҳар бир оила аъзосига (турмуш ўртоғи, фарзанди ва ота-онаси) 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўловлар эвазига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади.

 

"Олтин виза" дастури хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳуқуқий кафолатлар бериш, мамлакат сармоявий муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган.

 

"Таъкидлаш керакки, сўнгги саккиз йилда, халқаро майдондаги зиддиятларга қарамасдан очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиш Ўзбекистоннинг жаҳон аренасидаги ташриф қоғозига айланди. Мамлакат, айниқса, хорижий инвесторлар учун қулай маконга айланди. Ўсиб бораётган иқтисодий салоҳияти билан ушбу йўналишда Ўзбекистон Марказий Осиёда энг жозибадор манзил ҳисобланади, десак хато бўлмайди", – дейилади мақолада.

 

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳитни яратиш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусий мулк эгалари, шу жумладан инвесторлар ҳуқуқлари кафолатлари янгиланди, улар ҳатто Ўзбекистон Бош қомусида ҳам янада мустаҳкамланди. Шунингдек, ўтган йилларда хорижий инвестицияларни рағбатлантиришга оид давлатимиз раҳбарининг қатор қарор ва фармонлари, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатлари қабул қилингани таъкидланган.

 

 

"Бир сўз билан айтганда, "Олтин виза" дастури республиканинг меҳнат ресурслари мавжуд ҳудудларида миллий иқтисодиётни техник қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, давлат объектларини хусусийлаштириш, янги иш ўринларини яратиш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга қаратилган", – дейилган "El Mundo Financiero" мақоласида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//