Ҳеч қачон кеч эмас: туркиялик аёл 71 ёшида график дизайн бўйича диплом олади

Сақлаш
13:43 / 21.06.2025 5 0

Туркиянинг Кутаҳя шаҳрида яшовчи 71 ёшли уй бекаси Селма Шаҳин 2 йил аввал бошлаган университет таълимини муваффақиятли тугатди, деб хабар беради Milliyet нашри.

 

 

Ёшлигида оиладаги моддий қийинчиликлар туфайли ўрта мактабни тарк этишга мажбур бўлган икки нафар фарзанд ва тўрт нафар набиранинг онаси ўрта мактаб ва лицейни очиқ ҳолда тугатгач, университетга кириш имтиҳонларида етарли балл тўплаб, Kütahya Dumlupınar (DPÜ) университетининг Тасвирий санъат касб-ҳунар олий мактабида таълим ола бошлайди.

 

Шаҳиннинг нашрга берган маълумотларига кўра, у расм чизишни яхши кўргани ва санъатга қизиққани учун айнан шу йўналишни танлаган. У бошқа ўқувчилар билан аҳил бўлиб, умуман дарс қолдирмаган. Таъкидлашича, курсдош ўқувчилар Шаҳинга барча масалада, хусусан, компьютер дарсларида яқиндан ёрдам берган.

 

71 ёшли битирувчи шунингдек, уй бекаси бўлиш унинг таълимига ҳеч қандай халал бермагани, ҳунарманд турмуш ўртоғи бўлса уни таълим борасида максимал қўллаб-қувватлаганини айтади.

 

 

Бироқ унга бу йўлда тўсқинлик қилмоқчи бўлганлар ҳам топилган. Баъзилар "Бу ёшда уйда қол, ўқиб нима қиласан?" деган. Бу фикрлар онахонни бироз ранжитса-да у ўқишдан воз кечмаганини айтади.

 

"... Чунки ўқиб, ўрганиш учун ёш чегараси йўқ. Мен жуда бахтлиман ва ҳолатимдан мамнунман. Отам молиявий қийинчилик туфайли мени ўқитолмади, шунинг учун ўрта мактабдан кетишга мажбур бўлдим. Таълим олиш менинг ичимда орзу бўлиб қолганди. Каттароқ ёшда ўқиш имкониятига эга бўлдим. Ҳам ёшларга ҳамда мен каби ёши катталарга намуна бўлсам, хурсанд бўлардим" - дейди у.

 

Қайд этилишича, икки йиллик график дизайн курсини муваффақиятли тамомлаган Шаҳин 27 июнь куни бўлиб ўтадиган битирув маросимида мутахассислик дипломини қўлга киритади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//