
Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Шаҳрисабз туманида жойлашган Ҳисор тоғи ёнбағридаги туризм салоҳиятининг ривожланиши билан танишди, деб хабар бермоқда унинг матбуот хизмати. Шунингдек, Шаҳрисабз туманидаги “Ҳисорак” сув омбори яқинида барпо этилган Ҳисорак кичик гидро электр станциясини кўздан кечирди.
Miraki маҳалласида тўлиқ туристик кластер — “Miraki” халқаро туристик маркази ташкил этилмоқда. Президент ободонлаштирилган ҳудуд ва яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Оқсув дарёсининг икки қирғоғи бўйлаб пиёда ва велосипедда саёҳат қилиш учун 10 километрлик экойўлак, истироҳат боғи, болалар майдончаси, оилавий меҳмон уйлари, савдо шохобчалари ташкил этилди.
Miraki Spa and Resort курортида иккита меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар марказ, 600 ўринли меҳмонхона ва 300 ўринли ётоқхона мавжуд. Марказнинг салоҳияти йилига 300 минг нафаргача сайёҳни қабул қилиш имконини беради.
Миракида йўллар қурилиб, модернизация қилинди, коммунал тармоқлар ўрнатилди, электр таъминоти яхшиланди. Ҳисорак сув омбори ҳудудида узунлиги 2 км дан ортиқ канат йўли ва денгиз сатҳидан 2700 метр баландликда ресторан қурилди.
“Шаҳрисабзнинг устун тарафи — йил давомида саёҳатга келиш мумкин. Бунинг учун йўл, коммуникация, меҳмонхоналар қуряпмиз. Энди хизмат турларини кўпайтиришни ўйлаш керак. Масалан, Миракига келган меҳмон вақтини қандай ўтказади, нималар харид қилади? Шу талаблардан келиб чиқиб, хизматлар таклиф қилиш, бу ернинг табиати ва шароитини чет элларда кенг тарғиб этиш керак”, — таъкидлади президент.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз туманидаги “Ҳисорак” сув омбори яқинида барпо этилган Ҳисорак кичик гидро электр станциясини кўздан кечирди.
Ҳисорак сув омбори 1987 йилда қурилган бўлиб, 2004 йилда капитал реконструкция қилинган. Ҳудудда 2011 йилда ишга туширилган қуввати 45 МВт бўлган асосий Ҳисорак ГЕС ҳам мавжуд бўлиб, йилига 80 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу эса ўртача ҳисобда 33 минг хонадоннинг йиллик электр энергияси эҳтиёжини қоплайди.
Шаҳрисабз туманида энергетик қуввати 3,5 МВтга тенг, йилига ўртача 17,5 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи Ҳисорак кичик ГЕСи қурилди. Унинг қурилиши тўлиқ маҳаллийлаштириш доирасида амалга оширилди. Лойиҳанинг қиймати 1,5 миллион долларни ташкил этади. ГЕС фаолияти натижасида йилига ўртача 5 миллион метр куб табиий газ тежалади. Бу ерда ишлаб чиқариладиган электр энергия 7 минг 300 та хонадонга етади.
Президент Шаҳрисабз туманидаги агротуризм мажмуасини ҳам бориб кўрди. Илгари қуруқ қир-адир бўлган бу жойлар томчилатиб суғориш йўлга қўйилгани натижасида яшил ҳудудга айланган. Мажмуа 520 гектардан иборат бўлиб, адирлик қисмида “терраса” усулида узум, гилос ва олма экилган ҳамда ўрмон ташкил этилган. Франциядан энг сара навлар олиб келинган.
“Чўл-адирларни ўзлаштиришимизга шубҳа қилганлар шу боғни келиб кўрсин”, — деди президент.
7,5 минг тонна маҳсулот етиштириш имкониятига эга мажмуанинг экспорт қуввати 5 миллион долларга тенг. 100 та доимий ва мингдан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилган. Кўчатлар ривожини франциялик мутахассис кузатиб боради, ёшларга деҳқончилик сирлари ва бозор талабларини ўргатади.
Ҳудудда, шунингдек, 120 ўринли ресторан ва 100 ўринли меҳмонхона қурилган. Агрологистика ва ўқув маркази, қайта ишлаш, сақлаш қувватлари қурилмоқда.
Жамият
Жамият
Жаҳон
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ