Тошкентда учта катта турар жой мажмуаси қурилиши режалаштирилган

Сақлаш
10:39 / 18.06.2025 5 0

Тошкент шаҳрида уй-жой қурилиши соҳасида учта йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг “Ўзбекистон 24” телеканали эфирида намойиш этилган интервьюсидан маълум бўлди.

 

Бу мажмуалар “Foton” заводи ўрнида 53 қаватли минора, Геология қўмитасининг собиқ ҳудудида ва Бешёғоч кўчасида, Magic City йўлининг нариги томонида қурилиши мумкин. Биноларнинг қаватлилиги эса бош режа параметрларидан ошиб кетмоқда.

 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг бош режа харитаси сайтида келтирилишича, лойиҳа амалга оширилиши кутилаётган Шароф Рашидов маҳалласи ҳудуди реновация ҳудудига киради.

 

175 миллион долларлик ушбу лойиҳа “Foton” акциядорлик жамияти томонидан таклиф этилган. Мажмуа 0,9 гектар майдонни эгаллайди ва меъморий ҳалқа билан боғланган иккита минорани ўз ичига олади. Миноралардан бири 53 қаватга етади, аммо бош режага кўра, у ерда 25 қаватдан юқори бўлмаган бинолар қурилиши мумкин. 6 минг кишига мўлжалланган 1500 та хонадон қурилиши режалаштирилган.

 

Бундан ташқари, лойиҳа зилзилабардошлилиги бўйича 8 баллик ижобий хулоса олган. Бош режа харитасида ҳудуднинг сейсмологик зонаси 9 балл, қаватлилиги эса 25 қават этиб баҳоланган. Шунингдек, лойиҳа гидрогеологияси ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги бўйича ижобий хулоса берилган.

 

180 миллион долларлик навбатдаги лойиҳани Xamkar Inshaat компанияси таклиф қилмоқда. Унга кўра, 4 гектар майдонда 10 та кўп қаватли уй қурилиши кўзда тутилган. Тақдимотга кўра, турар жой мажмуаси (30 қаватгача) Тарас Шевченко кўчасидаги собиқ Давлат геология қўмитаси ўрнида (“Минг ўрик” метро бекати ёнида) жойлашади. Бироқ, бош режанинг интерактив харитасига кўра, у ерда фақат 5 қаватдан ошмаган биноларни қуришга рухсат берилган.

 

Учинчи лойиҳа пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги “Ташкент инвест” компанияси томонидан амалга оширилади. У 10,6 гектар майдонда баландлиги 30 қаватгача бўлган (бош режа бўйича 9 қаватдан баланд бўлмаслиги керак) турар жой мажмуасини қуришни назарда тутади. Инвестициялар 461 миллион долларга баҳоланмоқда.

 

Куни кеча президент коммунал инфратузилма яратилгандан кейингина лойиҳаларни лойиҳалаштириш ва амалга оширишга ўтиш бўйича топшириқ берди, дейди Тошкент ҳокими. Келгуси 20 йил ичида пойтахтда 58,5 млрд долларлик 394 та лойиҳа режалаштирилган. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//