Фуқаролар Исроил—Эрон можароси бўйича провокацияга учмасликка чақирилди

Сақлаш
16:30 / 17.06.2025 5 0

Ўзбекистон ТИВ яқин Шарқда, хусусан, Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик янада кучайиб, қуролли тўқнашувларга айланди бу вақтда нафақат минтақада, балки бутун дунё ҳамжамиятида жиддий хавотир уйғотаётгани, бу вазиятда фуқаролар Исроил—Эрон можароси бўйича провокацияга учмаслиги кераклиги таъкидланди.

 

Можаронинг авж олиши бутун минтақа барқарорлиги ва тинчлигига таҳдид солаётгани шубҳасиз. Бу жараёнлар, аввало, оддий фуқаролар – тинч аҳоли, айниқса болалар ва аёллар учун оғир оқибатларга олиб келаётгани таъкидланган.

 

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси урушни муаммоларни ҳал этиш воситаси деб эмас, балки инсон ҳаёти, барқарорлик ва тараққиётга жиддий хавф солувчи ҳолат сифатида баҳолайди. Ўзбекистон ҳар доим тинчликпарвар сиёсат юритиб келган ва шундай давом этади.

 

«Шу муносабат билан, Ўзбекистон фуқароларини тинчликпарварлик, бағрикенглик ва масъулиятли фуқаролик позициясини сақлашга чақириб қоламиз. Можароларга нисбатан диний, ирқий ёки бошқа шахсий мансубликлар асосида муносабат билдирмаслик, ҳар қандай нафрат ва зиддият тарғибига қарши туриш барчамизнинг умумий бурчимиздир», дейилади вазирлик хабарида.

 

Шунингдек, фуқаролар турли провокация ва ҳақоратомуз чақириқларга учмасликка, ҳолатларга нисбатан ҳиссиёт эмас, балки вазмин муносабатни сақлаб қолишга чақирилди. Жамиятимда миллий ва диний тотувликни сақлаш – умумий барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим кафолати эканлигини эслатиб ўтилди.

 

Ўзбекистон Республикаси ТИВ барча можаролар халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатик мулоқот асосида тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори эканини, тинчлик ва ўзаро ҳурмат асосидаги муносабатлар ҳар доим юртимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолишини яна бир бор таъкидлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//