“Долзарб 90 кун” тадбирларига жалб этилган педагогларни бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириш режалаштирилган – вазирлик

Сақлаш
15:13 / 16.06.2025 6 0

Ижтимоий тармоқларда “Долзарб 90 кун” тадбирлари ҳақида турли фикрларни кузатилмоқда. Улар орасида тўғрилари ҳам ва афсуски, ташаббус нотўғри талқин этилаётганлари ҳам бор. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мана шу ноаниқликларга изоҳ берилган видео тайёрлади. Унда “Долзарб 90 кун” тадбирлари ҳақида 5 хато фикр ва унга вазирлик изоҳи берилган.

 

❌1. Бунақа тадбирлар аввал ўтказилмаган, ўқитувчиларни ишлатиш учун ўйлаб топилган.

 

✅— Ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг мароқли дам олишлари ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ҳозирга қадар ҳам зарур ишлар амалга оширилиб келинган.

 

Бунда вазирлик ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар билан бирга белгиланган мактабларда кундузги оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилган. Турли маданий ва спорт тадбирлари, танлов ва мусобақалар ўтказиб келинган ва уларда ўқувчиларнинг қатнашиши ихтиёрий бўлиб, болалар ота-оналарнинг розилиги билан жалб қилинган.

 

Мазкур тадбирларда иштирок этган ўқитувчилар меҳнат таътилидан ташқари вақтда, белгиланган иш вақтида жалб қилинган.

 

Жорий йил ташкил этилаётган “Долзарб 90 кун” тадбирларига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги 1239 та умумтаълим мактабида кундузги оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилган ҳамда унга 170 минга яқин ўқувчилар ихтиёрий жалб қилиниши режалаштирилган.

 

Ушбу мактабларга меҳнат таътилидан бўш вақтларда ихтиёрий жалб қилинган педагогларни бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.

 

❌2. Энди ўқитувчилар ёзда дам олмайди.

 

 ✅— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 26-июндаги “Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрларини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан умумтаълим мактаблар педагог ходимлари учун 56 календар кунлик меҳнат таътили муддати белгиланган.

 

Республикадаги мавжуд барча умумтаълим мактаблари педагогларининг ёзги таътил даврида меҳнат таътилига чиқиши учун тегишли режа-график тасдиқланган ва мазкур режага асосан педагогларнинг белгиланган кунларда меҳнат таътилига тўлиқ чиқиши таъминланади.

 

❌3. Ўқитувчилар ёзда уйма-уй юради.

 

✅— Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунида педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш тақиқланиши алоҳида қайд этиб қўйилган.

 

Мазкур қонуний талабдан келиб чиққан ҳолда, педагогларнинг ёзги таътилда уйма-уй юриши ҳақидаги фикр мутлақо асоссиздир.

 

❌4. Долзарб 90 кун мажбурий меҳнатдан иборат.

 

✅— Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунига биноан педагогни бирон-бир шаклда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш тақиқланади.

 

“Долзарб 90 кун” тадбирларига ихтиёрий жалб этилган педагогларнинг белгиланган режа график асосида меҳнат таътилига чиқиши таъминланади ҳамда иш вақти ҳисобидан тадбирларда ўз ихтиёри билан қатнашган педагогларни бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш режалаштирилган.

 

❌5. Ўқувчилар ҳам ёзда мажбурий мактабга чақирилади.

 

✅— “Долзарб 90 кун” тадбирларига ўқувчиларнинг қатнашиши ихтиёрий бўлиб, болалар ота-оналарнинг розилиги билан жалб қилинади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//