
Илм-фан
Ижтимоий тармоқларда мактабларда пулли синфлар очилаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида қатъий белгилаб қўйилганидек, давлат бепул умумий ўрта таълим олишни кафолатлашини маълум қилди.
Шунга мувофиқ, мамлакатдаги умумтаълим мактабларидаги барча дарслар тасдиқланган ўқув режага мувофиқ бепул амалга оширилади.
Вазирликка кора, ижтимоий тармоқларда «пулли синф» деб нотўғри талқин этилаётган ҳолатлар аслида давлат умумтаълим мактабларида ўқувчиларга ўқув режа ва давлат таълим стандартларидан ташқари қўшимча билимлар бериш учун ташкил этиладиган таълим хизматидир.
Ушбу мезон Ҳукуматнинг 2019 йил 22 апрелдаги 343-сон қарори билан тасдиқланган тегишли Низомда алоҳида қайд этилган.
Мактабларда ташкил этиладиган қўшимча таълим хизматлари мактабларнинг ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича мактаб директори ва ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида ихтиёрийлик асосида тузиладиган шартнома асосида кўрсатилади.
Пулли таълим хизматларидан топилган буджетдан ташқари маблағларнинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдори ўқитувчиларга ҳақ тўлашга, қолган қисми мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ва ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилиши мумкин.
«Энг муҳими, мактабларда ташкил этиладиган пуллик таълим хизматларига директор ва педагоглар томонидан ўқувчиларни мажбурий тартибда жалб этилишига йўл қўйилмайди.
2025-2026-ўқув йилида 738 минг нафар бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган ва уларнинг барчаси ўқув режадаги фанлардан бепул ўқитилиши кафолатланади» дейилади вазирлик баёнотида.
Қўшимча таълим хизматлари, энг аввало ота-оналарнинг ташаббуси, яъни улар ўртасида ўтказилган сўровнома асосида ўқув йили бошланганидан сўнг ихтиёрийлик асосида ташкил этилиши мумкин.
Шу ўринда барча мактаб директорларини ота-оналарни қўшимча пуллик таълим хизматларига мажбурий тартибда жалб этмаслик ҳақида қатъий огоҳлантирамиз. Давлат таълим стандартларидаги дарслар пул эвазига ўқитилишига йўл қўйилмайди.
Вазирлик ота-оналарга мурожаат қилиб, бу борада белгиланган қонуний талаблар бузилганлик ҳолатига дуч келинса, вазирликнинг Ишонч телефони (71-202-09-09)га мурожаат этишни сўраган.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ