ЙТТБ Ўзбекистонга ирригация тизими модернизацияси учун маблағ ажратади

Сақлаш
13:44 / 13.06.2025 13 0

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Сув хўжалиги вазирлигига насос станцияларини модернизация қилиш учун 250 миллион АҚШ долларигача кредит ажратади, деб хабар берди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

 

Маблағлар мамлакатнинг 10 та ҳудудидаги 110 та суғориш насос станциясини янгилашга йўналтирилади.

 

Натижада, йиллик электр энергияси истеъмолининг 251 минг МВт/соатга камайиши ва атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид миқдорининг 117 минг тоннадан кўпроққа қисқариши кутилмоқда.

 

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида тегишли инфратузилма янгиланади, жумладан, насос станцияларининг томларига қуёш панеллари ўрнатилади.

 

Бугунги кунда банкнинг Ўзбекистондаги инвестиция портфели умумий қиймати 5,6 миллиард евро бўлган 181 та лойиҳадан иборат бўлиб, маблағларнинг катта қисми хусусий секторни ривожлантиришга йўналтирилган.

 

Шунингдек, Ўзбекистон кетма-кет бешинчи йил ЙТТБнинг Марказий Осиёдаги энг йирик инвестициялари манзили бўлиб қолмоқда.

 

ЙТТБнинг 2024 йилда Ўзбекистонга киритган сармояси бир миллиард долларга етди. Бошқа ташкилотлар билан қўшма молиялаштиришни ҳисобга олган ҳолда, банк мамлакатга 1,3 миллиард доллардан ортиқ маблағ жалб қилишга кўмаклашди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//