Бухоро вилояти ҳокими ҳужжати йўқ бинони “ичидаги одами билан кўмиб ташлаш”ни буюрди. Ҳокимлик раддия, фаоллар муносабат билдирди

Сақлаш
10:21 / 13.06.2025 23 0

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳридаги боғча ҳудудида масъулларга ҳудуддаги бинолардан бирини бузиб, “ичидаги одами билан кўмиб ташлаш”ни буюргани акс этган видео тарқалди ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди.

 

“Боғча ҳудудига кирганларнинг ҳаммасининг ҳуқуқий ҳужжатларини кўтарасан. Йўғини ҳеч кимни эшитмасдан бузасан, Мўмин. Суд-пуд демасдан, бугуннинг ўзида бузиб ташлайсан. Нарсаси, ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан. Бўлди энди, суд-пуд деб, ҳаммасини эркалатганимиз. Орқадан эшик очганнинг ҳужжатини кўрасан”, – деган Ботир Зарипов.

 

Шунингдек, вилоят ҳокими ИИБ бошлиғига ҳам дакки берган.

 

“Ўртоқ началник, сиз “ест”дан олдин... Кечаям вилоят ҳокими келяпти, мен кузатдим, бемалолроқ бўлгансизлар бутунлай шаҳарда. Бугун ҳам бу ерда аҳвол ҳаминқадар. Ё бу жиноятчиликка омил бўлувчи ҳолатларнинг олдини олинг, ё бўлмаса сизни тинчроқ туманга жўнатай. “Уже” мен топшириқ бердим. Тушундингизми? Ўзгариш қилинг”, деган ҳоким.

 

Ботир Зарипов шу ернинг ўзида масъулларга интизомий жазо қўллашини билдирган.

 

“Агар шаҳар бўйича ижтимоий соҳа объектлари мен айтган нуқтайи назардан танқидий кўриб тузатилмаса, у кишига жавоб берилади. Бу шаҳар ҳокимининг ҳамма ўринбосарларига “урок” бўлсин”, деган Ботир Зарипов.

 

Ижтимоий тармоқда яшин тезлигида тарқалган видеодаги ҳолатга фаоллар, фойдаланувчилар норозилигини билдирди.

 

Генералиссимус канали муаллифи тегишли ташкилотларни видео бўйича  баёнот беришга чақирди.

 

“Биз ҳуқуқий давлатлигимизни инобатга олсак, Бухоро вилояти ҳокими видеоси бўйича Бош прокуратура, ПА, Вазирлар Маҳкамаси расмий баёнот бериши керак.

 

Ахир, ўзига ўзи ҳуқуқий баҳо бера олмайди инсон.

 

Агар ҳоким эмас, танқидлари билан танилган блогер ҳуқуқбузарлик содир қилганда неча соатда жавобгарликка тортилгани ҳақида баёнот бериларди?”, деб ёзади у.

 

Блогер Умид Гафуров эса ҳоким атрофида прокуратура ходимлари борлигига эътибор қаратган. 

 

“Бу видеода блокнотига иншо ёзаётган ходимлар орасида катта эҳтимол билан прокуратура ходимлари ҳам бор… 

 

“Суд қилмасдан”, (яъни “ўзини Суд тизимидан устун қўйиш, мансабини суъистеъмол қилиш”), “одами билан кўмасан” (яъни одам ўлдириш ёки оғир тан жароҳати етказишга ундаш) деган гапларини ёзиб олиб жиноий жавобгарлик қўзғатиш учун далилларни блокнотига ёзиб оляпти деган яхши гумондамиз”, дея ёзган Умид Гафуров.

 

Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов эса муаммонинг илдизига эътибор қаратди.

 

“Ҳоким ўзини кичкина ҳудудда ҳокимиятнинг фақат бир бўғининг (ижро ҳокимиятининг) бошлиғи (сайланганми, тайинланганми - фарқи йўқ), ҳокимиятнинг уч бўғинидан фақат бирининг - бошқа бўғинлари назорат қила оладиган, ҳокимияти бошқа бўғинлар томонидан чекланган бўғиннинг - вакили деб билмайди. У ўзини ҳокимиятнинг уч бўғинидан юқори деб билади. Ва де-факто ҳам шундай. Муаммонинг илдизи шунда. Ва ҳеч қандай изоҳлар, баёнотлар, ҳуқуқий баҳолар вазиятни ўзгартирмайди. Бунисини ишдан олишар - ўрнига келадиган бошқаси ҳам ўзини ҳам худди шундай тутади“, деб ёзмоқда Жалилов.

 

Видео бўйича Бухоро вилоят ҳокимлиги раддия берди ва вазиятни “раҳбарларнинг масъулиятини ошириш учун ҳиссий сўзлар ишлатишга тўғри келган“и билан изоҳлади.

 

Ҳокимликка кўра, ҳолат 22 май куни бўлган ва Ботир Зарипов бошчилигидаги ишчи гуруҳи 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида таъмирлаш ишларини кўздан кечирган.

 

“Ўрганиш жараёнида Ботир Зарипов давлат боғчаси ҳудуди ободонлаштирилмаганлиги, боғчага туташ бўлган ҳудуддан ўзбошимчалик билан эгалланган умумий овқатланиш объекти эгаси томонидан боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфиёна ноқонуний кириш-чиқиш йўлаги очилганлиги, бундан ташқари боғча ҳудудининг бир қисмида юқори кучланишли трансформатор атрофи темир панжара билан ўраб олинмаганлиги юзасидан эътирозларини билдирди“, дейилади ҳокимлик тарқатган раддияда.

 

Шунингдек, боғчада болалар хавфсизлигини таъминлаш ҳокимларни бевосита ваколатига киришини эслатиб ўтилган ва «бузиб ташла» деганда ҳоким хусусий боғчани эмас, давлат МТМ ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфиёна, ноқонуний кириш-чиқиш йўлагини бартараф этилиши назарда тутгани айтилган.

 

“Вилоятнинг бошқа шаҳар-туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида бу каби ҳолатларни ўрганиш ва зудлик билан бартараф этиш мақсадида Бухоро шаҳар ҳокимининг тегишли ўринбосарига “ҳайфсан“ интизомий чораси қўлланилган, ноқонуний йўлак бартараф этилган ҳамда ўрганиш олиб борилган 2-сон давлат мактабгача таълим муассасасидаги жараён тасвирга олиниб, мутасаддиларга юборилган ва шу тариқа кенг тарқалган.

 

Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчимиз, вилоятда қонун устуворлиги таъминланади, биронта ноқонуний бузилиш қилинмайди. Ушбу ҳолатда вилоят ҳокими томонидан топшириқ бериш пайтида айрим раҳбарларнинг масъулиятини ошириш учун ҳиссиётли гапиришга тўғри келган“, дейилади раддияда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//