ХДП таксичилик соҳасидаги янги тартиб бўйича вазирни парламентга чақиртирди

Сақлаш
16:28 / 12.06.2025 22 0

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси таксичиларга нисбатан қўлланилаётган янги талабга қарши чиқиб, транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга сўров юборди.

 

Партия баёнотига кўра, вазир Маҳкамов муаммони бартараф этиш мақсадида парламентдаги ҳукумат соатига таклиф қилинган.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2 апрелда қабул қилинган ва орадан икки ой ўтиб жамоатчилик эътиборига тушган қарорга кўра, такси фаолияти учун лицензия бериш тартиби ўзгарган: эндиликда автомобилнинг давлат рақамида қайси ҳудуд коди кўрсатилган бўлса, бу автомобилда фақатгина шу ҳудуд ва унга туташ ҳудуддагина таксичилик қилиш мумкин. Эски тартиб асосида лицензия олишга улгурган ҳайдовчилар лицензия муддати (1 йил) тугагунга қадар фаолиятини эркин давом эттириши мумкин.

 

Халқ демократик партиясининг қайд этишича, бу тартиб – Конституциясининг 67-моддасига зид. Бу модда билан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланган.

 

«Йўналишсиз такси фаолияти билан боғлиқ жорий қилинган чеклов турли ноқонуний фаолиятларни бошланишига, уларни эркин меҳнат фаолиятини олиб боришга тўсқинлик қилишга, энг асосийси, фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқлари чекланишига олиб келади.

 

Шунингдек, Бош қомусимизнинг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилган.

 

Йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларимиз ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳисобланади. Ва бундай шахслар қонунларда белгиланган тартибда тегишли лицензия олиб, тегишли солиқларни тўлаган ҳолда тўлиқ қонуний фаолият юритмоқда.

 

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, йўналишсиз таксилар бўйича чеклов жорий қилишга ҳеч қандай ҳуқуқий асослар йўқ. Аксинча, конституциявий меъёрларга зид келаётган жиҳатлари яққол кўриниб турибди», – дейилади ХДП баёнотида.

 

Аввалроқ Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов «Бу тартиб кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолмаган. 2011 йилда айнан мана шу йўналишли таксилар фаолиятини тартибга солувчи 139-сонли қарор чиқарилган. Ўша қарор билан тасдиқланган низомда йўналишли таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг фаолият юритиши учун қўйилган талаблар бор», дея янги талабни изоҳлаганди.

 

Масъулнинг қўшимча қилишича, бу қарор ҳозир ўзининг кучини йўқотган. Мазкур қарор ўрнини босувчи 2025 йилда чиққан қарорга кўра, ҳайдовчининг ўз ҳудудида, яъни лицензия карточкасида кўрсатилган ҳудудда фаолият олиб бориши белгилаб қўйилган.

 

«Яъни ҳайдовчи фаолиятини ўша лицензия варақасида кўрсатилган ҳудуд ва унга туташ ҳудудда олиб боради. Масалан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган 01 код билан бошланувчи давлат рақамли транспорт воситаси Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Сирдарё вилояти ҳудудида таксичилик фаолияти билан шуғулланиши мумкин. Худди шунингдек, вилоятларники ҳам худди шунақа бўлади», деганди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//